Атамбоев хатолари ва нимадан афсусланишини айтди
Олам
−
09 Сентябрь 2019
9010Қирғизистоннинг ҳибсга олинган собиқ Президенти Алмазбек Атамбоев давлат раҳбари сифатидаги фаолияти давомида йўл қўйган энг катта хатоси ва нимадан афсусланишини маълум қилди. Атамбоев қўлга олинишидан бир неча соат аввал Қўй-Тошдаги уйида “Open Central Asia” нашрига интервью берган.
Собиқ Президентдан қайси режаларни амалга ошира олмай қолгани ва нимадан афсусланиши сўралган.
“Авваламбор бизнинг миллийлигимиздан келиб чиқиб, классик парламент бошқарувига ўтишни якунлаш керак эди. Биз ярим йўлда тўхтаб қолдик. Иккинчидан, мендан кейин Президент бўлган инсонни ўрганишга етарлича танқидий ёндаша олмадим. Сооронбай Жээнбеков характерининг айрим хусусиятларига эътибор бермадим. Афсус... Натижада менинг биргина хатойим билан мамлакатдан ривожланишдан тўхтаб қолди.
Мен қайғурадиган бошқа хатолар ҳам бўлган. Истаб, истамай ҳафа қилган одамлар бор. Буларнинг бари осон эмас...”, деган Алмазбек Атамбоев.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7-8 август кунлари Қўй-Тошда ўтказилган махсус операция натижасида Алмазбек Атамбоев ҳибсга олинди. Суд уни дастлаб 18 кунга, кейин октябрь ойигача ҳибсда сақлаш тўғрисида қарор чиқарди.
Атамбоев оиласига тегишли бўлган мулклар суд тақиқига учради. Унинг рафиқаси Раиса Атамбоевага нисбатан ҳам жиноий иш қўзғатилди. Бу воқеалар бўлаётганда Атамбоевнинг қизи Алия Шагиева ва кичик ўғли Қодирбек Атамбоев халққа мурожаат билан чиқиш қилди.
LiveБарчаси