Атамбоев таслим бўлди
Олам
−
08 Август 2019
10404Қирғизистондаги спектакль давом этмоқда. Собиқ Президент Алмазбек Атамбоев ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ҳибсга олинган. Бу ҳақда собиқ давлат раҳбарининг қароргоҳидан ТАССга хабар келиб тушган.
“Атамбоевни яшаш жойидан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари олиб чиқиб кетишган”, деган бош штаб вакили. Унинг сўзларига кўра, Атамбоевнинг бир неча шериклари, жумладан Президент аппарати собиқ раҳбари Фарид Ниёзов, собиқ президент билан бирга, Қўй-Тош қишлоғидаги яшаш жойидан олиб чиқилган.
Қирғизистоннинг собиқ Президентини ҳибсга олиш бўйича махсус операция деярли бир кун давом этди. Чоршанба куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг махсус кучлари Чуй вилоятининг Қўй-Тош қишлоғида Атамбоевни қўлга олишга уринган, аммо у муваффақиятсиз тугаган эди.
Маълумот учун, Қирғизистон парламенти жорий йилнинг 20 июнь куни Атамбоевнинг дахлсизлигини бекор қилиш бўйича қарор қабул қилиб, уни мамлакат Бош прокуратурасига юборди.
Прокуратура Атамбоевни Иссиқ-кўл вилоятида ер участкаларини қайта профиллаш, Бишкек иссиқлик электр станцияси ва мамлакат пойтахтидаги Тарих музейи реконструкциясида коррупцияга қўл урганликда, жиноий “авторитет” Азиз Батукаевни жазони ўташ жойидан ноқонуний озод қилишга алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақида хулоса чиқарди. Агар суд уни айбдор деб топса, Атамбоев бутун умрга қамалиши мумкин.
Атамбоевнинг ўзи парламент аъзоларининг айбловини “мавҳум” деб, халқ олдида виждони тоза экани ва Президентлигидаги барча ҳаракатлари учун жавоб беришга тайёрлигини айтди.
22 июль куни Қирғизистон Ички ишлар вазири ўринбосари Мирлан Каниметов ва тергов гуруҳи Алмазбек Атамбоевни терговга чақириш учун унинг резиденциясига келганди. Бироқ орадан 20 дақиқа ўтгач, қуруқ қўл билан ортга қайтишга мажбур бўлди.
Алмазбек Атамбоев 2011-2017 йилларда Қирғизистонга раҳбарлик қилган. Атамбоев биринчи тўлиқ президентликдан кейин ўз хоҳиши билан лавозимни тарк этган биринчи президент бўлган.
LiveБарчаси