“Оиламдан хавотирдаман” – Атамбоевнинг қизи мурожаат билан чиқди (видео)

Олам

Қирғизистоннинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоевнинг қизи Алия Шагиева отасининг қўлга олиниши ва қамалиши билин боғлиқ воқеаларга изоҳ берди.

“Мен рассомман. Ҳеч қачон сиёсатга аралашмаганман. Бироқ амалдаги Ҳукуматнинг юзага келтирган тартибсизликлар, отамнинг ноқонуний ва адолатсиз қўлга олинишига бошқа чидаб туромайман”, деди Шагиева.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатда ҳуқуқ нормалари бузиляпти, мухолиф телеканаллар ўчириб қўйиляпти, ОАВда ёлғон хабарлар тарқатиляпти.

“Мен оилам ва тинч аҳолидан хавотирдаман”, деб таъкидлади Алия Шагиева.

Атамбоевнинг қизи отасини кўрсатма беришга чақириш шунчаки, уни қўлга олиш учун баҳона бўлганини таъкидлади.

“Жиноят оламида нуфузли шахс бўлган Батукаевни Қирғизистондан олиб чиқиб кетиш бўйича бемаъни, ҳақиқатдан узоқ иш бўйича терговга чақиришди. Улар аслида отамни мухолиф фаолияти туфайли ҳибсга олмоқчи бўлишган. Худди унинг кўплаб тарафдорлари сингари. Масалан, Кубан Кулпатов ва Сапар Исоқов, уларни гувоҳлик бериш учун олиб келишди ва ҳеч қандай тушунтиришсиз ҳибсга олишди. Отам расмийлардан Конституциявий суднинг сўроқ тўғрисидаги қарорини кутишни талаб қилди. У Батукаев иши ҳақида билган ҳамма нарсасини ОАВга айтиб бериб, тўлиқ маълумотни тергов органлари учун ёзма кўринишда тақдим этишга тайёр эди. Отам Конституциявий суд қарори бўлмаганда, биз ўзимизни ҳимоя қилишга ҳақли эканимизни айтган. Собиқ Президентнинг уйига ҳар қандай тажовуз автоматик равишда жиноий ва ноқонуний ҳужумга айланади”, деди Шагиева.

Эслатиб ўтамиз, собиқ Президент Алмазбек Атамбоев ҳозирда тергов изоляторида. У кеча, 9 август куни қўлга олиниб, 18 кунга қамалди. Атамбоев қўлга олингунча, унинг Қўй-Тош қишлоғидаги уйига махсус топшириқлар бўлинмаси икки марта ҳужум уюштирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Алмазбек Атамбоев Алия Шагиева

Баҳолаганлар

159

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг