Атамбоевнинг уйига навбатдаги ҳужум бошланди
Олам
−
08 Август 2019
8688Аввалроқ, Қирғизистоннинг Қўй-Тош қишлоғида мамлакатнинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоевни қўлга олиш бўйича махсус операция бошлангани ҳақида хабар берган эдик. Бироздан кейин ОАВда Атамбоев ушлангани айтилди.
Қирғизистоннинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоевнинг уйига навбатдаги ҳужум бошланди. Атамбоев штабининг хабар беришича, отишма овози эшитиляпти, ёруғлик ва шовқинли гранаталар қўлланиляпти. Бу ҳақда "knews" хабар берди.
Атамбоев тарафдорларининг таъкидлашларича, 200 га яқин ички ишлар ходимлари ҳужумда иштирок этишяпти. Шунингдек, Sputnik Киргизиянинг маълумотига кўра, бешта автобус, учта “КамАз” ва иккита микроавтобус ички ишлар ходимлари билан қишлоқ томонга қараб йўлланган.
Атамбоев ҳали ҳам ўзининг қароргоҳида тансоқчилари билан турибди.
Маълумот учун, Қирғизистон парламенти жорий йилнинг 20 июнь куни Атамбоевнинг дахлсизлигини бекор қилиш бўйича қарор қабул қилиб, уни мамлакат Бош прокуратурасига юборди.
Прокуратура Атамбоевни Иссиқ-кўл вилоятида ер участкаларини қайта профиллаш, Бишкек иссиқлик электр станцияси ва мамлакат пойтахтидаги Тарих музейи реконструкциясида коррупцияга қўл урганликда, жиноий “авторитет” Азиз Батукаевни жазони ўташ жойидан ноқонуний озод қилишга алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақида хулоса чиқарди. Агар суд уни айбдор деб топса, Атамбоев бутун умрга қамалиши мумкин.
Атамбоевнинг ўзи парламент аъзоларининг айбловини “мавҳум” деб, халқ олдида виждони тоза экани ва Президентлигидаги барча ҳаракатлари учун жавоб беришга тайёр эканини таъкидлади.
22 июль куни Қирғизистон ички ишлар вазири ўринбосари Мирлан Каниметов ва тергов гуруҳи Алмазбек Атамбоевни терговга чақириш учун унинг резиденциясига келганди. Бироқ орадан 20 дақиқа ўтгач, қуруқ қўл билан ортга қайтишга мажбур бўлди.
Алмазбек Атамбоев 2011-2017 йилларда Қирғизистонга раҳбарлик қилган. Атамбоев биринчи тўлиқ президентликдан кейин ўз хоҳиши билан лавозимни тарк этган биринчи президент бўлган.
LiveБарчаси