“Уятли хонадон”, “Шармандали маҳалла”: ХДП ҳокимларни аҳолини камситишни тўхтатишга чақирди

Жамият

image

Аввалроқ, Тошкент вилоятининг Чиноз тумани ҳокими Шерзод Солиҳов йиғилишда туманда ҳудуди ободонлаштирилмаган ва тартибга келтирилмаган маҳаллаларга “Шармандали маҳалла” ҳамда талаб даражасида сақланмаган хонадонларга эса “Уятли хонадон” ёзувларини ўрнатишни буюргани ҳақида хабар берилган эди. Халқ демократик партияси мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдириб, бундай амалиёт қонунга зид эканини қайд этди.

Партия фуқароларнинг шаъни ва қадр-қиммати, шахсий ҳаёти ҳамда уй-жой дахлсизлиги каби конституциявий ҳуқуқларига рахна солинаётгани, қандайдир талаблар бажарилмаган тақдирда хонадонларга “Уятли хонадон”, маҳаллаларга эса “Шармандали маҳалла” каби тамғалар ўрнатилиши ҳақидаги хабарлар аҳолида эътирозларни келтириб чиқараётганини билдирган.

“Халқ демократик партияси бундай хатти-ҳаракатлар Конституцияда белгиланган ҳуқуқлар ва кафолатларга мос келмайди, деб ҳисоблайди”, дейилади муносабатда.

Қайд этилишича, хонадонларни, кўча ва маҳаллаларни обод қилиш эзгу ташаббус, бу ҳар бир фуқаронинг ижтимоий масъулияти. Бироқ бу ташаббусни амалга ошириш шахсий намуна, ижтимоий ҳамкорлик, қонун ва инсон қадрига ҳурмат ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш, қўллаб-қувватлаш асосида ташкил этилиши керак.

Шунингдек, маҳаллалар, қолаверса, хонадонлар ободлиги йўллар, ичимлик суви, электр ва газ таъминоти, муҳандислик коммуникациялари, чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиб кетиш каби вазифалар самарали бажарилиши билан боғлиқ. Бу борада маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа мутасадди ташкилотлар қонуний мажбуриятини ўз вақтида ва сифатли бажариши зарур.

“Ўз ҳудудида давлат ташкилотлари томонидан амалий ғамхўрлик ва реал ўзгаришларни кўрган юртдошларимизда хонадонлар ва атроф-муҳитни обод қилишга интилиш ўз-ўзидан кучайишига ишончимиз комил”, дейилади муносабатда.

Бундан ташқари, партияга кўра, инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, қонунларда назарда тутилмаган маъмурий чоралар қўллашга уриниш демократик ҳуқуқий давлат бошқаруви тамойилларига зид.

Шу билан бирга, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар билан мулоқотда ҳар бир мутасадди одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиши лозим.

“Халқ демократик партияси мутасаддиларни аҳоли билан мулоқотда шахснинг қадр-қиммати, шаъни ва обрўсини камситиш каби ноқонуний усуллардан бутунлай воз кечиб, қонун устуворлиги, инсон қадри, ижтимоий тенглик ва ижтимоий шериклик тамойилларига амал қилишга чақиради”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасанов ўтказган рейд тармоқларда кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу ҳолат бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вилоят ҳокимлигига қонунчиликда белгиланган тартибда хизмат текшируви ўтказиш ҳамда ҳуқуқий баҳо бериш бўйича тақдимнома киритди.

Бундан ташқари, Тошкент вилоятининг Чиноз тумани ҳокими Шерзод Солиҳов йиғилишда туманда ҳудуди ободонлаштирилмаган ва тартибга келтирилмаган маҳаллаларга “Шармандали маҳалла” ҳамда талаб даражасида сақланмаган хонадонларга эса “Уятли хонадон” ёзувларини ўрнатишни буюрди. Ҳоким “Бирлик” маҳалласида ўтказилган йиғилишда мазкур маҳалла вилоят раҳбарияти топшириғи асосида таянч ҳудуд сифатида танланганини айтган. Бунга сабаб эса йўл бўйида жойлашгани ва кўпчилик эътиборига тушадиган ҳудудлардан бири экани бўлган.э

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳам ушбу ҳолатлар бўйича изоҳ бериб, хонадонларга кириш, аҳолини сўроққа тутиш каби ҳолатлар бўйича уюшма томонидан тўғридан тўғри топшириқ берилмаганини ва бундай амалиётлар қонунга зид эканини маълум қилди.

Маълумот учун, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 16 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳаллаларда ободончиликни рағбатлантириш мақсадида йил якуни билан “Энг ораста хонадон”, “Энг файзли ҳовли”, “Энг обод кўча” ҳамда “Энг намунали маҳалла” каби номинациялар жорий этилиши маълум қилинган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг