“Тозалик рейди” ўтказган ҳоким устидан хизмат текшируви ўтказиш сўралди
Local
−
20:12 4214 1 minute
Аввалроқ, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасанов маҳаллалардан бирида “тозалик рейди” ўтказгани ҳақида хабар берилган эди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ҳоким хонадонлардан бирига кириб, уй-жой ҳудудидаги тартибсизликлар, чиқиндилар ва санитария ҳолатини танқид қилгани кўринади. Мазкур ҳолат юзасидан Антикоррупсия агентлиги ҳокимга нисбатан хизмат текшируви ўтказишни сўради.
Билдирилишича, ҳар қандай даражадаги раҳбар фуқаролар билан мулоқотда давлат хизматчиси одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилиши шарт. Фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини бузиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, шунингдек, асосланмаган маъмурий босим ўтказиш қонунчиликка ва этика меъёрларига мутлақо зид.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидалари бузилишининг олдини олишга қаратилган ишларни мувофиқлаштириш ваколати доирасида вилоят ҳокимлигига ҳолат юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда хизмат текшируви ўтказиш ҳамда ҳуқуқий баҳо бериш бўйича тақдимнома киритган.
Эслатиб ўтамиз, ҳоким Самад Ҳасанов хонадон эгасига яшаш жойини саранжом сақлаш, чиқиндиларни белгиланган тартибда чиқариш ҳамда ҳовли-жой ободлигига эътибор қаратиш кераклигини тушунтирган. Шунингдек, ҳоким уй ва ҳовлидаги айрим жойларда йиғилиб қолган чиқиндилар, қаровсиз ҳолатдаги ҳудудлар ҳамда рўзғордаги тартибсизликларга эътибор қаратиб, бундай вазият яшаш шароитига салбий таъсир қилишини таъкидлаган.
Live
All