“Жарима урасиз”. Шаҳрисабз ҳокими уйлардан бирида “тозалик рейди” ўтказди (видео)
Жамият
−
04 август 6776 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасановнинг маҳаллалардан бирида ўтказган ўрганиш жараёни акс этган видео тарқалди. Видеода ҳоким хонадонлардан бирига кириб, уй-жой ҳудудидаги тартибсизликлар, чиқиндилар ва санитария ҳолатини танқид қилгани кўринади.
Лавҳаларда ҳоким хонадон эгасига яшаш жойини саранжом сақлаш, чиқиндиларни белгиланган тартибда чиқариш ҳамда ҳовли-жой ободлигига эътибор қаратиш кераклигини тушунтирган.
Ҳоким уй ва ҳовлидаги айрим жойларда йиғилиб қолган чиқиндилар, қаровсиз ҳолатдаги ҳудудлар ҳамда рўзғордаги тартибсизликларга эътибор қаратиб, бундай вазият яшаш шароитига салбий таъсир қилишини таъкидлаган.
“Бу хонадонга ташқаридан қараган одам уни ташлаб кетилган қабристон деб ўйлайди. Ўчоқни ёнишига супрунди йиғилган. Қандай одат бу? Мана, дераза тагларига, уй ён-атрофига қаранг. Чиқиндилар йиғилиб қолган. Ошхона атрофида ҳам супуриндилар тартибсиз ҳолда ташлаб қўйилган. Бу қандай одат? Ахир бу аёлни ҳам бир она тарбиялаган, унинг ҳам фарзандлари бор, эртага у келин-куёв кўради”, дейди туман ҳокими.
Тасвирларда ҳоким томонидан маҳалла раиси дея таништирилган аёл ҳам уй эгасини койигани кўринади.
“Неча марта маҳалла келиб уйингизга айтган тозалашни? Мана, қўшниларингиздан сўранг. Мана бу кўчани ўтини нега тозалашди, биласизми? Гапирганимиз учун, ана шу кўчани тозалади болаларингиз. Халталарда ахлат турарди, эсингиздами? Нима учун сизни тўғри яшашингизни ташқаридан келиб кимдир айтиши керак?” дейди аёл.
У хонадоннинг ташқи кўриниши ва яшаш шароитига ҳам эътибор қаратиб, уйнинг қаровсиз ҳолати сабаб бу ерда ҳеч ким яшамайди, деган таассурот пайдо бўлганини айтган.
Шунингдек, ҳоким хонадондаги тартибсизлик нафақат бугунги ҳолат, балки оилавий муҳит ва келажакка ҳам таъсир қилишини таъкидлаган.
“Эртага шу рўзғорга нормал одам келин бермайди”, дейди уйни кўздан кечираркан.
Видеонинг сўнгида ҳоким аниқланган камчиликлар бўйича чоралар кўрилишини билдирган. У фуқаролардан узр ёки илтимос кутмаслигини, асосий масала мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва амалий натижага эришиш эканини таъкидлаган.
“Ҳозир жаримани урасиз. Уй, ахлат ҳаммаси учун. Менга биронтасидан илтимос қилди, кечирим сўради деган гап керак эмас”, дейди Самад Ҳасанов.
Ҳозирча мазкур ҳолат юзасидан Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ёки бошқа ваколатли ташкилотлар томонидан расмий муносабат билдирилмаган. Шунингдек, ҳолатнинг видеога олиниб, тарқатилиши ва унда изза қилинган фуқаронинг кўрсатилиши жамоатчилик эътирозига сабаб бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг 10 та тумани ҳокимларига нисбатан коррупцион ҳолатлар назоратини амалга ошириш мақсадида хизмат текшируви ўтказилиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси