Урушга қарши чиққан журналист 8,5 йиллик қамоққа ҳукм қилинди
Олам
−
04 Октябрь 2023
10338Москванинг Басманний суди “Биринчи канал”нинг собиқ муҳаррири Марина Овсянниковани Россия Федерацияси Қуролли кучлари ҳақида ёлғон маълумот тарқатишда айбдор деб топиб, сиртдан 8,5 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда пойтахт прокуратурасига таяниб, ТАСС хабар берди.
Россия прокуратураси Украинага босқинга қарши норозилик билдириш учун жонли эфирни тўхтатган “Биринчи канал” журналисти Марина Овсянниковани тўққиз ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилишни сўраган.
“Суд прокуратура позициясини инобатга олиб, Овсянниковани саккиз йилу олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини умумий режимдаги ахлоқ тузатиш колониясида ўташга ҳукм қилди, шунингдек, суд уни тўрт йил муддатга электрон ёки ахборот-телекоммуникация тармоқларининг веб-сайтлари, шу жумладан интернет тармоғи билан боғлиқ фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилди”, дейилади хабарда.
Илгари Россиянинг “Биринчи канал”ида ишлаган Марина Овсянникова ўтган йили уй қамоғидан қочиб, қизи билан Россияни тарк этганидан бери Францияда яшамоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 14 март куни кечқурун Россиянинг “Биринчи канал”и ходими Марина Овсянникова “Время” кўрсатуви жонли эфирида урушга қарши плакат билан студияга кириб борганди. Янгиликлар эълони пайтида у “No war. Урушни тўхтатинг. Пропагандага ишонманг. Бу ерда сизни алдашмоқда. Руслар урушга қарши”, деб ёзилган плакат билан кадрга тушди. Овсянникова режиссёрлар бошқа кадрни қўйиб юбормагунча эфирда бир неча бор “Урушни тўхтатинг! Уруш керакмас!”, деб такрорлаган. Эртаси куниёқ унга нисбатан суд иши бошланди ва шу куннинг ўзида у 30 минг рубль миқдорида жаримага тортилди.
Иккинчи марта ўтган йилнинг июль ойида Марина Овсянникова Россия армиясини обрўсизлантириш тўғрисидаги моддаси бўйича Москванинг Красноселский тумани депутати Илья Яшинга нисбатан жиноят ишини танқид қилгани учун 50 минг рубль миқдорида, учинчи марта эса август ойида Facebook’даги пости учун 40 минг рубль миқдорида жаримага тортилган.