Уруш сабаб қанча украиналик уйини ташлаб кетди?
Олам
−
22 Март 2022
6867Жорий йилнинг 24 февралида бошланган уруш давомида 10 млндан зиёд украиналик ўз уйини ташлаб кетган. Улардан 6,5 миллионга яқини ички қочқин ҳисобланади. Бу ҳақда Халқаро миграция ташкилоти маълум қилди.
“Кўчирилганларнинг аксарияти заиф қатлам вакиллари, яъни ҳомиладор ва эмизикли аёллар, қариялар, ногиронлар, сурункали касалликларга чалинганлар ҳамда зўравонликдан бевосита жабрланганлар ҳисобланади”, дейилади ХМТ баёнотида.
Қайд этилишича, 6,5 миллион ички қочқиннинг тахминан 13,5 фоизи иккинчи марта кўчиб ўтишга мажбур бўлган. Улар биринчи марта 2014-2015 йилларда уйларини тарк этган. Ички кўчирилганларнинг 53 фоиздан ортиғини аёллар ташкил этади. Уларнинг барчаси молиявий ресурсларга муҳтож, аксариятига дори-дармон ва тиббий ёрдам зарур.
3,3 миллиондан ортиқ киши Украинадан қўшни давлатларга қочиб кетган. Улар орасида учинчи давлатларнинг 186 минг фуқароси бор.
“Мамлакатни тарк эта олмаган ички кўчирилганларга ёрдам кўрсатиш бизнинг устувор вазифамиздир. Бизнинг жамоаларимиз минглаб одамларга ёрдам бермоқда, бироқ энг кўп жабрланган ҳудудларда бўлганларга фақат жанговар ҳаракатлар тўхтатилгандагина ёрдам бера оламиз”, дейилади баёнотда.
Украинадаги вазият ёмонлашгани сабаб, мамлакат ичидаги ички кўчирилганлар шошилинч гуманитар ёрдамга муҳтож. Жанговар ҳаракатлар кетаётган ҳудудларда қолиб кетган аҳолини қутқариш учун зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва уларнинг хавфсиз кўчиши учун шароит яратиш керак.
Аввалроқ, уруш бошланганидан бери Украинада 117 бола ҳалок бўлгани айтилган эди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди
LiveБарчаси