Украиналикларнинг Европага қочиши камайди – Frontex
Олам
−
12 Май 2022
4723Россия Украинага бостириб кирганидан бери олти миллиондан ортиқ украиналик Ватанини тарк этди. Бу ҳақда Европа ташқи чегараларни ҳимоя қилиш агентлиги (Frontex) маълум қилди.
Қайд этилишича, 24 февралдан кейин республикани тарк этган Украина аҳолисининг уч миллиондан ортиғи Польшага, бир миллиондан ортиғи Молдовага келган.
Агентликка кўра, сўнгги пайтларда Украина ҳудудини тарк этган қочқинлар сони бир неча баравар камайган. Агар махсус операциянинг дастлабки 10 кунида Европа Иттифоқи чегараларини ҳар куни 125 мингга яқин киши кесиб ўтган бўлса, ҳозирда улар сони 34 минг нафарни ташкил этмоқда.
Шунингдек, сўнгги 10 кун ичида ҳар куни Европа Иттифоқига аъзо давлатлардан Украинага ўртача 25 минг киши саёҳат қилган. Умуман олганда, 24 февралдан буён бу мамлакатнинг бир миллионга яқин фуқароси Украинага кирган.
21 апрель куни Россия Миллий мудофаа назорати маркази раҳбари Михаил Мизинцев 24 февралдан бери Украина, Донецк ва Луганск халқ республикаларининг 908 907 нафар аҳолиси Россияга эвакуация қилинганини айтган эди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси