Украинага АҚШдек ёрдам бериш пайти келди – Исроил вазири
Олам
−
17 Октябрь 2022 11954 3 дақиқа
Исроилнинг Диаспора ишлари вазири Нахман Шай ўз мамлакатини Украинага ҳарбий ёрдам беришга чақирди. У фикрларини Twitter’да ёзиб қолдирди.
“Бугун эрталаб Эрон Россияга баллистик ракеталарни бераётгани маълум бўлди. Исроил бу қонли можарода қандай позицияни эгаллаши кераклигига энди ҳеч қандай шубҳа йўқ. Украина АҚШ ва НАТО давлатлари томонидан кўрсатилаётганидек, (Исроилдан ҳам – таҳр.) ҳарбий ёрдам олиш вақти келди”, дейди у.
Эроннинг Украинадаги урушла Россияга ёрдами
16 октябрь куни “The Washington Post” газетаси АҚШ ва иттифоқчи давлатлар хавфсизлик расмийларига таяниб, Эрон Россияга Украинага қарши уруш учун қурол етказиб бериш мажбуриятини кучайтираётгани ва нафақат камикадзе-дронларни, балки “ер-ер” типидаги ракеталарни ҳам беришга тайёрлигини хабар қилди.
Россия сўнгги ҳафталарда Украина шаҳарларига зарба беришга Эроннинг "Shahed" камикадзе-дронларидан фаол фойдаланмоқда. Аммо Эрон Украинадаги урушда фойдаланиш учун Россияга қурол етказиб бераётганини расман рад этиб келяпти. Кремль ҳам бу ҳақидаги хабарларни рад этди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
Live
Барчаси