Украинадаги вазият янада оғирлашиши мумкин – Пентагон
Олам
−
31 Май 2022
11048Россиянинг кенг кўламли босқинчилиги туфайли Украинадаги вазият янада жиддийлашиши мумкин. Бу ҳақда АҚШ Қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси, генерал Марк Майли “Fox News” телеканалида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ буни олдини олиш учун чоралар кўрмоқда. Бу йўналишдаги қадамлардан бири – АҚШ ва Россия ҳарбийлари ўртасидаги музокаралар.
“Менимча, ҳар доим эскалация эҳтимоли бор, биз уни бошқаришимиз ва эскалация эҳтимолини баҳолашимиз керак. Биз буни қиляпмиз. Шунинг учун котиб Остин ўз ҳамкасби билан гаплашаётганини кўрдингиз, мен эса россиялик ҳамкасбим билан гаплашяпман. Бу ҳозиргидан даҳшатлироқ нарсага айланишига йўл қўймаслик учун”, дейди у.
Пентагон музокаралар Украинадаги вазиятга мантиқий ечим бўлади, деб ҳисоблайди. Акс ҳолда, Украинадаги воқеалар оқибати томонлардан бири ҳал қилувчи ғалаба қилиши ёки боши берк кўчага кириб қолиши мумкин.
Аввалроқ, Украина Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестович, агар АҚШ узоқ масофали артиллерия етказиб беришни чеклаб қўйса, Украинанинг Россия билан урушда ҳарбий ғалаба қозониши даргумон эканини таъкидлаган эди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь