Украинада уруш бошланганидан сўнг Россияда қанча веб-сайт блоклангани айтилди

Технология

image

Россияда Украина билан ҳарбий низо бошланганидан кейин 3000 дан ортиқ интернет-сайт – янгиликлар нашрлари, ижтимоий тармоқлар, жамоат ташкилотлари, савдо ва IT-компаниялар блокланди. Бу ҳақда “Роскомсвобода” инсон ҳуқуқлари лойиҳаси тадқиқотчилари маълум қилди.

Қайд этилишича, аксарият онлайн-саҳифаларга кириш Россия Бош прокуратураси талабига биноан чекланган. 

“Тегишли маълумотларни тақиқланган нарсалар реестрига киритишнинг асосий ташаббускори Россия Федерацияси Бош прокуратураси эди, аммо алоҳида ҳолларда бир нечта вилоят судлари бу жараёнда иштирок этди”, дейилади хабарда.

Хусусан, март ойида Бош прокуратура Twitter, Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларидан фойдаланишни тақиқлади. Уларнинг эгаси – Meta компанияси “экстремистик” деб тан олинди. Тақиқланган ресурслар рўйхатига кўплаб медиа сайтлари ҳам кирди. Айримлари эса Бош прокуратуранинг турли қарорлари билан икки марта блокланди. 

“Глобал ва минтақавий кўплаб йирик ахборот агентликлари ва телеканаллари ҳарбий цензурага учради ва “Эхо Москва”, “Новая газета” ҳамда “Дождь” ўз фаолиятини бутунлай тўхтатишга мажбур бўлди. Znak.com’нинг Екатеринбург нашри ҳам худди шундай тақдирга дучор бўлди . Кейинчалик “Новая”, “Novaya Gazeta Europe” лойиҳасини ишга туширди, аммо яқинда у ҳам ҳарбий цензура остида қолди”, дея таъкидлади тадқиқотчилар.

Хабарга кўра, бир нечта онлайн кинотеатрлар ва қароқчилик сайтлари ҳам тақиқланган ресурслар реестрига киритилган. Бунга ушбу сайтларда Украинага алоқадор ижобий маълумотларнинг эълон қилиниши сабаб бўлган. Худди шу сабабга кўра, савдо ва IT-компанияларнинг интернет-сайтлари ҳам тақиқ остида қолган.

“Блоклаш ҳар доим ҳам у ёки бу нохуш ҳикоянинг охири эмас. Афсуски, кўпинча маълум сайтлар эгалари реал ҳаётда таъқиб қилинади, уларга нисбатан маъмурий ва ҳатто жиноий иш қўзғатилади”, дея афсус билан қайд этди “Роскомсвобода”.

Маълумот учун, Россия Президенти Владимир Путин жорий йилнинг март ойида Россия Федерациясининг хорижда фаолият юритаётган ҳар қандай давлат органлари тўғрисида ёлғон маълумот берганлик учун жиноий жазони назарда тутувчи қонунни имзолаган эди. Ушбу қонунга кўра, Россия қуролли кучлари фаолияти тўғрисида ёлғон маълумот тарқатиш 1,5 миллион рублгача жарима ёки 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

8

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг