Украина сулҳ учун Россияга ён берадими? Кулеба жавоб берди
Олам
−
17 Май 2022
12105Украина ўт очишни тўхтатишга эришиш учун, шунингдек, Донбасс ва Қрим бўйича ҳам Россияга ён бериш ниятида эмас. Бу ҳақда кеча, 16 май куни Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба “Bloomberg” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди, дея хабар бермоқда ТАСС.
“Украина сулҳ учун нима қилиши керак, деган савол сўраш ўрнига, тегишли саволни Россияга қаратиш лозим: Россия нима қилиши керак. Бизга тегишли бўлган ҳамма нарса биз билан қолишини истаймиз”, деган у Киев сулҳга эришиш учун Донбасс ва Қрим бўйича ён беришларга борадими деган саволга жавобан.
У Украина раҳбари Владимир Зеленский илгари айтиб ўтганидек, Франция Украинани шундай ён беришга кўндирмоқчи экани ҳақидаги тахминларга изоҳ бермаган.
“Мен Президентим мурожаат қилган суҳбатда қатнашмадим, шунинг учун бу ҳақда изоҳ беролмайман”, дея қўшимча қилган Украина Ташқи ишлар вазири.
Шунингдек, у Ғарб давлатлари 2014 йилгача ҳам, шу йилнинг 24 февралигача ҳам Украина Россия Федерацияси фойдасига нимадан воз кечиши мумкинлигини ўрганиб чиққанлигини таъкидлаган. Аммо якунда Ғарб давлатлари фикрини ўзгартирган.
“Германия, Франция ва АҚШга бу борадаги қарашларини ўзгартиргани учун миннатдорлик билдираман. Бизда ҳали ҳам баъзи мунозаралар мавжуд, аммо принципиал жиҳатдан улар бу оқ-қора вазият эканлиги ва содир бўлаётган воқеалар учун айнан Россия жавобгарлигини аниқ тушунишади”, деб таъкидлаган Кулеба.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
Камронбей Кенжаев
LiveБарчаси