Украина Россиядан қанча товон ундирмоқчилиги айтилди
Олам
−
09 Сентябрь 2022
9417Украина расмийлари босқин натижасида етказилган барча зарар учун Россиядан товон ундириш ниятида. Бу ҳақда Украина Адлия вазири Денис Малюска “Funke” медиа гуруҳи нашрларига маълум қилди.
Украина Адлия вазирлиги раҳбарининг айтишича, БМТ Бош Ассамблеясида расмий Киев келажакда етказилган зарарни қоплашнинг халқаро механизми асосланиши керак бўлган резолюция қабул қилинишига эришмоқчи.
“Биз Россия агрессив уруши туфайли Украинага етказган барча йўқотишлар учун товон олишни истаймиз”, дейди Малюска.
Унинг сўзларига кўра, айни пайтда мамлакатдаги инфратузилма, уй-жой ва саноат объектларининг вайрон бўлишидан кўрилган зарар 300 миллиард доллардан ошади.
Мамлакат аҳолисига етказилган зарарни ҳозир ҳисоблаб бўлмайди, дейди вазир. У урушда ҳалок бўлганларнинг яқинлари ҳам товон пули олиш ҳуқуқига эга эканлигини қўшимча қилган.
Малюсканинг сўзларига кўра, Украина Россия банкининг G7 мамлакатларида музлатилган активларини қўлга киритишга эришмоқчи. Унинг ҳажми эълон қилинган товон миқдорига мос келади. Бундан ташқари, Киев Россия давлат корхоналарининг хорижий активлари ва россиялик олигархларнинг мусодара қилинган мулкларига ҳам даъво қилмоқда.
Украина ўз ҳудудига бостириб киргани учун аллақачон Россиядан товон пули талаб қилган. Июнь ойида Украина Адлия вазирлиги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Россия қўшинларини тўлиқ олиб чиқиб кетиш ва агрессия қурбонларига пул компенсацияси тўлашни талаб қилган эди. Босқиннинг биринчи босқичида урушдан кўрилган зарар 80 миллиард долларга баҳоланган.
Июнь ойи бошида Украина Бош вазири Денис Шмигал урушдан кейин мамлакатни тиклаш учун 750 миллиард доллар керак бўлишини маълум қилган эди. Шунингдек, у реконструкцияни молиялаштиришнинг асосий манбаи Россия Федерацияси ва россиялик ишбилармонларнинг хорижда мусодара қилинган активлари бўлиши кераклигини айтди.
Сентябрь ойининг бошида эса Шмигал Украина Россиянинг кенг кўламли ҳужуми сабабли ҳозиргача 326 миллиард доллар йўқотганини маълум қилди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди.
LiveБарчаси