Украина Россия қанча одами ва техникасини йўқотганини очиқлади
Олам
−
28 Февраль 2022
28856Россия Украинага қарши уруш бошланганидан бери 4500 нафар атрофида рус ҳарбийлари зарарсизлантирилди. Бу ҳақда Украина Қуролли Кучлари Бош штаби маълум қилди.
27 февраль соат 18:00 ҳолатига 27 самолёт, 26 та вертолёт, 150 нафар атрофида танк, 700 дан ортиқ БТР, 50 та қурол, иккита қайиқ, битта “Бук”, тўртта “Град” қурилмаси, 60 та цистерна ва иккита тезкор-тактик учувчисиз самолёт йўқ қилинган.
“Яна бўлиши ҳам мумкин. Ҳисоблаш жанговар ҳаракатларнинг юқори интенсивлиги билан мураккаблашмоқда”, дейилади Украина Бош штаби хабарида.
Қайд этилишича, Россия Федерацияси авиация технологияларини тўплаш ва Беларусь Республикаси ҳудудида махсус кучларни фаоллаштиришда давом этмоқда.
“Мачули аэропортида 50 дан ортиқ самолётлар, 10 та вертолёт ва 2 та Ан-124 самолётлари тўпланган.Транспорт самолётлари доимий равишда Барановичи ва Мачуличи аэропортларидан Украина томон парвоз қилмоқда. Беларусь қўмондонлиги ўз бўлинмаларининг бир қисмини жанговар шай ҳолатга келтирган”, дейилади расмий хабарда.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси