Украина Киев вилоятидаги туманлардан бирини озод қилди

Жамият

image

Украина Қуролли кучлари Киев вилоятининг Вишгород тумани устидан тўлиқ назорат ўрнатди. Мудофаа кучлари қарши ҳужумни давом эттирмоқда. Бу ҳақда кеча, 31 март куни бўлиб ўтган брифингда Украина Қуролли кучлари қуруқликдаги қўшинлари қўмондонлиги бош штаби бошлиғи ўринбосари Александр Грузевич маълум қилган.

Унинг қайд этишича, Украина Қуролли кучлари кўплаб соҳаларда салмоқли муваффақиятларга эришиб, ҳужум амалиётларини давом эттирмоқда. Грузевич яқин кунларда хушхабар бўлишини айтган.

“Ўйлайманки, яқин келажакда бизда яхши янгиликлар бўлади, ишонинг. Биламан, сиз Буча ҳақида кўп ташвишланасиз. Вишгород тумани аллақачон бизники, назорат остида. Яқин келажакда, айтганимдек, бизни жуда ва жуда яхши янгиликлар кутмоқда. Ўйлайманки, бир-икки кундан кейин биз ажойиб манзарани кўрамиз ва муваффақиятларимизни янада орттирамиз”, деган Грузевич.

Бироқ, бригада генерали кўп ҳам бўшашмасликка чақирди, чунки душман жавоб қайтаришга қодир, биринчи навбатда, душман шаҳарлар инфратузилмасини вайрон қилишда давом этаётган ракета зарбаларидан эҳтиёт бўлиш керак.

Аввалроқ Ирпень шаҳри Россия қўшинларидан қайтариб олингани айтилганди. Шунингдек, мамлакат жанубидаги Орлово, Заградовка ва Кочубеевка аҳоли пунктлари устидан назорат тикланди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

9

Рейтинг

2.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг