Украина иқтисодиётни сақлаб қолиш учун “тиш-тирноғи билан” ҳаракат қиляпти

Олам

image

Украина келаси чоракда миллий иқтисодиётнинг ишлаши учун Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ)дан ойига 5 миллиард доллар сўрамоқда. Бу ҳақда бугун, 20 апрель куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ХВЖ бошқарувчи директори Кристалина Георгиева маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, жамғарма Киев билан “иқтисодни кейинги уч ой давомида ишлаши” учун зарур бўлган эҳтиёжларни муҳокама қилган. 

“Улар [Украина томони] ойига 5 миллиард долларлик кўрсаткични айтиб ўтди. Бу кўрсаткич бўйича ноаниқлик бор, лекин биз бу мамлакатнинг эҳтимолий эҳтиёжларидан ташқарига чиқади деб ўйламаймиз. Биз ҳамкорларимиз билан ушбу ёрдам турли каналлар орқали сафарбар қилинишини таъминлаш учун ишлаяпмиз. Биринчи навбатдаги вазифа Украинадаги молиявий бўшлиқни кейинги уч ой ичида тўлдириш учун ёрдам борлигига ишонч ҳосил қилиш”, дейди жамғарма раҳбари.

Кристалина Георгиеванинг таъкидлашича, 5 миллиард доллар Украинанинг реконструкцияга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун эмас, балки иқтисодиётни сақлаб қолиш учун зарур.

“Ҳозирги босқичда Украинага грант маблағларини бериш жуда муҳим, Чунки иқтисодиётнинг зарур тармоқлари ишламаяпти, биз бу йил Украина иқтисодиётининг деярли 35 фоизга қисқаришини тахмин қилмоқдамиз”, дейди у.

Маълумот учун, кеча, 19 апрель куни эълон қилинган жаҳон иқтисодиёти ҳолати тўғрисидаги ҳисоботида жамғарма 2022 йилда Украина ялпи ички маҳсулотининг 35 фоизга қисқаришини башорат қилган ва 2023 йил учун ҳисоб-китобларни ҳозирча имконсиз деб ҳисобламаслигини таъкидлаган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

10

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг