Украина денгиз флоти флагмани чўктирилди
Олам
−
04 Март 2022
25455Украина Қуролли Кучлари Ҳарбий-денгиз флотининг “Гетман Сагайдачний” фрегати рус қўшинлари ундан, шу жумладан саботаж учун фойдалана олмаслиги учун чўктирилди. Бу ҳақда Украина Мудофаа вазири Олексий Резников Facebook’да ёзди.
“Украина ҳарбий-денгиз флоти флагмани қўмондони таъмирда бўлган “Гетман Сагайдачний” фрегати душман қўлига тушиб қолмаслиги учун кемани чўктириш ҳақидаги буйруқни бажарди. Жасоратли жангчи ва бутун жамоа учун бундан қийинроқ қарорни тасаввур қилиш қийин. Лекин биз янги флот қурамиз. Замонавий, кучли. Ҳозир асосийси қаршилик кўрсатиш”, деган Резников.
Шу билан бирга, Украина Қуролли Кучлари Ҳарбий-денгиз кучлари қўмондонлиги жамоатчилик билан алоқалар хизмати бошлиғи Олег Чалик “Украинска правда” газетасига берган изоҳида “Гетман Сагайдачний” фрегати чуқур модернизация жараёнида бўлганини таъкидлаган.
“Қисқа вақт ичида уни йиғиш ва жанговар қобилиятини тиклаш имконсиз эди. Шунга кўра, душман томонидан қўлга олиш таҳдиди туфайли уни чўктиришга қарор қилинди”, деб тушунтирган у.
Чаликнинг қўшимча қилишича, кема экипажи ўз хизматини давом эттирмоқда ва Украинани Россия Федерациясидан ҳимоя қилиш бўйича вазифаларни бажармоқда.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси