Тўйдаги торт кесиш маросими ўлим билан тугади
3-саҳифа
−
17 Январь 2023
75499Қашқадарё вилоятида тўйнинг аъзага айланишига сабабчи бўлган 2 киши озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси Ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 2022 йилнинг 24 июль куни Нишон туманидаги маҳаллалардан биридаги тўйда содир бўлган жанжал оқибатида куёв жўралардан бири пичоқланган. Жабрланувчи кўрсатилган тез тиббий ёрдамга қарамай вафот этган.
Мазкур жиноий иш юзасидан ўтказилган тергов ишлари якунига етиб, жиноят ишлари бўйича Нишон тумани суди томонидан айбдорларнинг қилмишига қонуний чора кўрилган.
Суд ҳужжатларига кўра, ўша куни Қашқадарёдаги тўй учун келган сурхондарёлик меҳмонлардан бири куёвнинг дўстлари билан тортишиб қолади. Бунга торт кесиш маросимида бошқа бир куёвжўра ўша ердаги аёллардан бирига туртилиб кетгани ва кейин уни ҳақорат қилгани сабаб бўлган.
Қўшни вилоятлик меҳмон эса шу йигитнинг таъзирини бериб қўймоқчи бўлганида жанжал катталашиб кетган. Жанжал оқибатида меҳмон йигит уларни ажратмоқчи бўлган бошқа бир йигитни пичоқлаб қўйган.
Судланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан 18 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Шунингдек, ўша тўйда иштирок этиб, безорилик қилган ва жиноят юзага келишига сабабчи бўлган шахсга эса 3 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси берилди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентдаги новвойхоналардан бирида танишига олти марта пичоқ урган шахс 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.
Озода Чориева
LiveБарчаси