Трамп Украинадаги уруш бошланишини Байденнинг “қобилиятсизлиги” билан боғлади

Олам

image

Америка Қўшма Штатларининг собиқ Президенти Дональд Трампнинг фикрича, Вашингтон маъмуриятининг амалдаги раҳбари Жо Байден Украина масаласида ожизлик ва лаёқатсизлик кўрсатган. Бу ҳақда у Небраскадаги чиқиши чоғида айтиб ўтди.

Трампнинг сўзларига кўра, Россия АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилишини кузатганидан сўнг Украинада махсус операция ўтказишга қарор қилган. 

“Мен билан улар ҳеч қачон бундай қилмаган бўларди”, деб таъкидлади АҚШнинг собиқ Президенти.

Трампнинг таъкидлашича, Россия раҳбарияти Байденнинг “заиф ва қобилиятсизлигини” кўрган. 

“Буларнинг ҳеч бири [мен билан] ҳеч қачон содир бўлмаган бўларди, юз фоиз”, дейди у.

Маълумот учун, Жо Байден 2021 йилнинг 14 апрелида Афғонистондаги операцияни тўхтатишга қарор қилганини эълон қилди, бу Америка тарихидаги энг узоқ хорижий ҳарбий кампанияга айланди. АҚШ қўшинлари олиб чиқилгач, “Толибон” Афғонистонда назорат ўрнатди.

Аввалроқ, Трамп ўзининг бошқаруви остида Россияда Украинага ҳужум қилишга “заррача ҳам имконият” бўлмаганини айтган эди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

26

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг