Трамп намойишлардан сўнг полиция тақдири ҳақида гапирди
Олам
−
09 Июнь 2020
9840Америка Қўшма Штатлари маъмурлари мамлакат полициясини тарқатиб юбормайди ёки уларнинг маблағларини камайтирмайди. Бу ҳақда АҚШ Президенти Дональд Трамп Оқ уйда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари билан учрашув чоғида маълум қилди.
"Бизнинг ички ишлар ходимларимиз аъло даражада. Улар билан мен фахрланаман. Полицияни молиялаштиришдан маҳрум қилиш бўлмайди. Полиция тарқатилмайди. Бизнинг полициямиз тинчликда яшашимизга имкон беради. Биз унинг сафида ёмон ходимлар йўқлигига амин бўлишни истаймиз. Баъзида сиз даҳшатли ҳодисаларни кўрасиз, яқинда кўрганингиздек. Аммо полиция ходимларининг 99 фоизи яхши одамлардир" дейди Оқ уй раҳбари.
Таъкидланишича, АҚШда 46 ёшли афроамерикалик Жорж Флойднинг Миннеаполисда ўлимига қарши норозилик намойишлари пайтида полицияни молиялаштиришни қисқартириш ҳақидаги чақириқлар тез-тез эшитилади.
Қайд этилишича, кеча 8 июнь куни АҚШ Конгресси демократлар мамлакатда оммавий норозиликларга жавобан полицияни кенг миқёсда ислоҳ қилишга қаратилган қонун лойиҳасини тақдим этишди. Ушбу ташаббус, хусусан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига асфикциялаш усулларини қўллашни тақиқлайди, полициянинг қонунбузарлигини кузатадиган миллий маълумотлар базасини яратади. Шунингдек, баъзи ҳолатларда полиция ходимларига огоҳлантиришсиз фуқаронинг уйига киришга рухсат беришни тақиқлайди. Таклиф қилинаётган ислоҳот доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг жавобгарлиги, шу жумладан гумон қилинувчиларга нисбатан зўравонлик ва ўзбошимчалик хатти-ҳаракатлари учун жавобгарлик кучайтирилиши кўзда тутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 май куни Миннеаполис полицияси афроамерикалик Жорж Флойдни ҳибсга олди. Қўлга олиш пайтида полициячи эркакнинг бўйнини тиззаси билан босиб турди. Флойд “мен бўғиляпман”, деб бир неча марта айтган бўлса ҳам ҳуқуқ-тартибот идораси ходими бунга эътибор бермаган. Оқибатда, эркак реанимацияда вафот этган. Бу АҚШда оммавий норозилик ва тартибсизликларни келтириб чиқарди.
Суд-тиббий экспертизаси Жорж Флойд бошқа ёндош касалликлардан эмас, айнан бўйин ва елканинг қаттиқ босилишидан нафас ололмай ўлганини таъкидлади.
Америка шаҳарларида бошланган талотўпда 11 киши ҳалок бўлгани айтилди. АҚШда бошланган норозиликлар Франция, Греция, қисман Буюк Британия ва Германияга ҳам таъсир қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь