Американи остин-устин қилган ўлим сабаби маълум бўлди

Олам 36706
image

Ўлимидан кейин АҚШда тартибсизликлар бошланган афроамерикалик Жорж Флойд қотиллик қурбони бўлгани айтилди. Икки нафар мустақил суд-тиббий эксперти эркакнинг танасини ёриб кўриб, у бўғилиб қолишдан вафот этган деган хулосага келди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

“Механик асфиксия ўлимнинг сабаби, қотиллик – ўлим услуби”, деган Мичиган университети доктори Аллесия Уилсон.

Флойднинг оиласи илтимоси билан унинг танасини очган доктор Майкл Баден марҳумда ўлимга сабаб бўладиган бошқа сабаб бўлмаганини маълум қилганди. У ўлим бўйин ва елкани қаттиқ босиш оқибатида юз берганини айтган.

Аввалроқ, Хеннепин округи суд-тиббий экспертлари Флойд организмдаги бошқа касалликлар ва ҳаракатсиз қолишдан вафот этганини таъкидлаганди.

Маълумот учун, афроамерикалик Жорж Флойднинг ўлими бутун мамлакат бўйлаб тартибсизликларни келтириб чиқарди. Флойд 25 май куни Миннеаполисда полиция ходими томонидан ушланди. Ҳибсга олиш пайтида полициячи Флойднинг бўйнини тиззаси билан босиб, бўғиб қўйди. Кейинчалик Флойд реанимацияда вафот этди ва унинг ҳибсга олинганлиги ҳақидаги видео Интернетда тарқалди. Шундан сўнг, АҚШнинг кўплаб шаҳарларида тинч намойишлар полиция билан тўқнашувларга айланиб кетди.

Тартибсизликлар Оқ уйгача етиб келди. АҚШ Президенти Дональд Трамп ушбу вақтда бункерга олинди. Шунингдек, намойишлар Европага ҳам етиб борди. Лондон ва Берлин аҳолиси кўчаларда тўпланишди. Улар ҳукуматдан полиция ҳуқуқларини чеклашни талаб қилмоқда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1697
Рейтинг: 2.9
t
×