Трамп Байденни “Исроилни қўллаб-қувватламаганлик”да айблади

Олам

image

АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трампга кўра, Американинг ҳозирги раҳбари Жо Байденнинг "ожизлиги" ва Қуддусни керакли даражада қўллаб-қувватламагани Исроилда вазиятнинг кескинлашишига олиб келди. Бу ҳақда у ўзининг янги сайтида ёзган. 

"Мен ушбу лавозимни эгаллаган давримда, Исроилнинг рақиблари АҚШ қатъий равишда Исроил томонида эканлигини ва Исроилга ҳужум уюштирилган тақдирда тезкор жавоб чоралари кўрилишини билар эди", деган Трамп. 

"Байден даврида дунё янада шафқатсиз ва беқарор бўлиб бормоқда, чунки Байденнинг заифлиги ва Исроилни қўллаб-қувватламаслиги бизнинг иттифоқчиларимизга қарши янги ҳужумларга олиб келади", деган собиқ Президент. 

Унинг фикрига кўра, Америка ҳар доим Исроил томонида бўлиши керак. Шунингдек, АҚШ ҳар доим Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қатъий қўллаб-қувватлашини таъкидлаши шарт.

Қуддусдаги вазиятнинг кескинлашиши

7 май – Рамазон ойининг охирги Жума куни, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди атрофида тартибсизликлар бошланди. Бунга Исроил полицияси томонидан фаластинликлар таровеҳ намозини ўқиётган ушбу масжидга ҳужум қилгани сабаб бўлди. Бундан ташқари, Исроил суди Шайх Жарроҳ маҳалласида яшовчи араб оилаларини кўчириш тўғрисида қарор чиқарган. Чунки бу ерларга яҳудийлар даъво қилиб келади.

Қизил ярим ой жамиятининг маълумотларига кўра, Исроил полициясининг зўравонликлари оқибатида 700 дан ортиқ киши жароҳатланган, шундан 333 нафари шифохонага ётқизилган.

Шундан сўнг, Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Исроилни огоҳлантирган: Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ва Шайх Жарроҳ маҳалласидан аскарларни олиб чиқиб кетиш учун маҳаллий вақт билан соат 18:00 гача муддат қўйди.

Шарт бажарилмагач 10 май куни ҲАМАС ҳаракати Исроилнинг бир қатор шаҳарларини 45 та ракета билан ўққа тутди. Бироқ Исроилнинг ҳаво ҳужумига қарши “Темир гумбаз” мудофаа тизими ушбу 45 ракетанинг катта қисмини осмоннинг ўзида зарарсизлантирди. Баъзилари эса аҳоли яшаш пунктига тушди. 

Бунга жавобан Исроил томони дарҳол 130 та ракета билан ҲАМАС ҳаракати жойлашган Ғазо секторини ўққа тутди. Оқибатда эса 22 фаластинлик, шу жумладан 9 бола ҳалок бўлди.

11 май куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғазо секторига зарбалар кучи ва частотасини кўпайтириш ниятида эканини эълон қилди

Халқаро ҳамжамиятнинг реакцияси

Халқаро ҳамжамият Қуддусдаги воқеаларга тезда муносабат билдирди. БМТ Хавфсизлик Кенгаши 10 май куни Фаластиндаги можароларга бағишланган йиғилиш ўтказди, аммо якунда ҳеч қандай баёнот қабул қилинмади.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров эса Исроил расмийларининг Шарқий Қуддусдаги ҳарбий амалиётини “қонунбузарлик” деб атаб, улар содир бўлган воқеа учун фаластинликлардан кечирим сўраши кераклигини таъкидлади.

Қатор мусулмон давлатлар умумий равишда Исроил халқаро ҳуқуқ нормаларини бузаётганини айтиб, норозилик билдирди. Уларнинг орасида Иордания, Покистон, Саудия Арабистони, Миср, Қатар, Баҳрайн ва БАА бор.

Ўз навбатида, Исроил Бош вазири дунё ОАВни воқеалар ривожини нотўғри талқин қилганликда айблаб, мамлакат полициясининг зўравонликларини қўллаб-қувватлаган эди.

Бундан ташқари Исроил расмийлари можаролар бошланиши билан “тутинган акаси” АҚШдан вазиятга аралашмаслик ва халқаро босим ўтказмасликни сўради. Вашингтон эса ҳар икки томонни ҳам вазиятда айбдор деб, можарони тугатишга чақирди. Европа Иттифоқи эътиборини фаластинликларнинг ноқонуний кўчирилишига қаратди.

Қолаверса, 11 май куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған қатор мусулмон давлатлар раҳбарлари билан Исроилнинг зўравонликларини муҳокама қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Трамп Байден

Баҳолаганлар

117

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг