Трамп Ҳиндистон билан савдо битимидан воз кечди
Олам
−
04 Сентябрь 6543 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Россия нефтини импорт қилишни тўхтатмагунча Ҳиндистон билан савдо битимини имзолашдан бош тортди. Бу ҳақда уч манбага таяниб “The Washington Post” хабар берди.
Маълумотларга кўра, яқинда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ва АҚШ Савдо вакили Жеймисон Грир Трампга Ҳиндистон билан савдо битими лойиҳасини тақдим этган. Унга кўра, Ҳиндистон Америка маҳсулотларига қўйиладиган божларни кескин пасайтириши керак эди. Аммо Президент Ҳиндистон Россия нефтидан воз кечмагунча, битимни маъқулламаслигини айтган.
Манбаларнинг таъкидлашича, АҚШ ва Ҳиндистон ўртасидаги муносабатлар сўнгги ўн йилликлардаги энг паст даражага тушиб қолган. Бунга Трампнинг савдо бўйича маслаҳатчиси Питер Наварро Ҳиндистонни танқид қилгани ҳам сабаб бўлган. У мамлакатни Россия нефтини сотиб олаётгани учун қоралаб, унинг бўйнига Украинадаги урушни давом эттириш айбини ҳам юклаган. Трамп маъмуриятидаги расмийлардан бирининг сўзларига кўра, Наварро музокараларда қатнашмагани боис унинг изоҳлари “фойдасиз” ҳисобланади.
Вашингтон вакиллари Ҳиндистондан Россия нефти масаласида кескинроқ чоралар кўришни талаб қилмоқда. Оқ уй вакили Анна Келли Трамп ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ўртасида “ҳурматга асосланган муносабатлар” мавжудлигини айтган. Давлат департаменти эса “Ҳиндистон кўпроқ иш қилиши керак”лигини таъкидлаган.
Трамп ўзининг Truth Social платформасида Ҳиндистон Россиядан нефть ва ҳарбий маҳсулотларни кўпроқ, АҚШдан эса жуда кам миқдорда сотиб олаётганини ёзган. У шунингдек, Нью-Деҳлининг божхона тўловларини нолга тушириш таклифи “кечикканини” билдириб, АҚШ-Ҳиндистон иқтисодий алоқаларини “фалокат” деб атаган.
“Axios” нашрининг ёзишича, АҚШ Европани ҳам Россия энергия ресурсларини импорт қилишни давом эттираётган Ҳиндистон ва Хитойга қўшимча савдо божларини жорий этишга чорламоқда.
Қайд этиш жоиз, АҚШ Россия билан савдо қилгани учун Ҳиндистонга катта божлар билан таҳдид қилиб келади. Ўтган ойда Трамп маъмурияти Россия билан алоқа қилгани учун Нью-Деҳлига қарши қўшимча бож чораларини жорий қилди. Аввал 25 фоизлик бож киритилган бўлса, 27 августдан бошлаб умумий тариф 50 фоизга етди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ ва Европа Иттифоқининг Россиядан нефть импорти бўйича танқидларини “асоссиз ва мантиқсиз” деб атаганди. Вазирликка кўра, ғарбликларнинг ўзи ҳам Россия билан алоқаларни узмаган ва ҳозиргача шерикчилик қилиб келади.
Live
Барчаси