Тошкентда ҳижоб кийиб юрган эркак қамалди
3-саҳифа
−
24 Июль
12968Кеча, 23 июль куни Қўйлиқ деҳқон бозори ерости йўлида юзини беркитиб, аёллар кийимини кийиб олган эркак аниқланганди. Бугун, 24 июль куни мазкур иш жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судида кўриб чиқилди ва эркакка нисбатан 7 сутка маъмурий қамоқ ҳамда 3,4 млн сўм жарима жазоси тайинланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот котиби Зокиржон Қўзибоев QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Суд мажлисида ҳуқуқбузар эркак ўз кўрсатмасида, ҳақиқатдан ҳам у Бектемир тумани “Қўйлиқ деҳқон бозори” атрофида бурқа либосида, юзини ниқоб билан ёпган ҳолда юрганида ИИО ходимлари уни тўхтатиб, юзини очишни сўраганида, дастлаб уларга қаршилик кўрсатганини, кейин четроққа ўтиб, юзини очганлигини, ҳозирда ўзининг содир этган қилмишидан пушаймонлигини, бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигини баён қилиб, унга нисбатан енгилроқ жазо тайинлашни сўраган.
Фуқаронинг мазкур ҳуқуқбузарликни содир этганликдаги айби иш ҳужжатларидаги далолатнома, маълумотнома, тушунтириш хатлари, фотосуратлар ҳамда маъмурий ишда тўпланган бошқа ҳужжатлар билан тўлиқ ўз исботини топган.
Суд қарорига кўра, ҳуқуқбузар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-4-моддаси ва 195-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган ва унга нисбатан 3,4 млн сўм жарима ҳамда 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Чорсу бозорида аёллар кийимини кийиб олган эркакка нисбатан БҲМнинг 110 баравари (3 млн 400 минг сўм) миқдорида жарима жазоси ва 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланганди.
LiveБарчаси