Қибрайда мансабдор 5 минг доллар пора билан ушланди (видео)

3-саҳифа

−

image

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида сув етказиб бериш хизмати муассасаси раҳбари 5 минг АҚШ доллари пора олаётган вақтида қўлга тушди. У фуқаронинг уйини ноқонуний қурилган деб топиш масаласини ҳал қилиб бериш эвазига 16 минг доллар талаб қилган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти ҳамда Коррупциявий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида тезкор тадбир ўтказилган.

Терговга қадар текширув материалларига кўра, Қибрай туманида яшовчи фуқаронинг уйи рухсатнома асосида қурилган бўлса-да, муассаса раҳбари хонадон сув оқадиган каналга яқин жойлашганини важ қилиб, уни ноқонуний қурилган деб эътироз билдирган.

Ушбу масалани республикада ишловчи мансабдор шахслар орқали ҳал қилиб беришни ваъда қилган раҳбар товламачилик йўли билан фуқародан 16 минг доллар талаб қилган. У олдиндан 5 минг долларни хизмат хонасида олаётган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ушланган.

Қайд этилишича, мазкур шахс аввал ҳам Жиноят кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан судланган бўлган.

Билдирилишича, ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 2-қисми “б” ва “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилояти Пахтаобод тумани ҳокими ўринбосари ва Давлат кадастрлари палатасининг туман филиали мансабдори 30 минг доллар пора билан ушлангани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг