“Толибон”га қарши ҳаракат даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкин — КХШТ бош котиби

Олам

image

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) Бош котиби Станислав Зась “Толибон”га қаршилик кўрсатиш мақсадида юзага келаётган “ўчоқ”лар Афғонистонда узоқ муддатли фуқаролар урушига олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдирди.  

“Толибон”га қаршилик кўрсатиш “ўчоқ”лари нафақат Афғонистон, балки унинг атрофидаги катта минтақа хавфсизлиги учун олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга сабаб бўладиган узоқ муддатли фуқаролар урушининг ривожланишига олиб келиши мумкин деган қўрқувлар бор”, дейди Зась. 

Унинг сўзларига кўра, “Толибон” раҳбариятининг ички ва ташқи сиёсатидаги ёндашувлар бўйича айрим ижобий баёнотлар бор. 

“Шу билан бирга, “Толибон” раҳбарияти вакилларининг Афғонистондаги барча миллатларнинг интилишлари ва манфаатларини акс эттирувчи коалицион ҳукумат тузишга кўмаклашиш ҳақидаги ваъдалари ҳали амалий босқичга ўтмаганлиги жиддий ташвиш туғдиради”, деб таъкидлаган Зась. 

КХШТ Бош котиби мамлакатда қон тўкилишига йўл қўймаслик кераклигини таъкидлаган. 

“Бу мамлакатда яна қон тўкилишига йўл қўймаслик ва назоратсиз қочқинлар оқимининг олдини олиш, диний фундаментализм ғоялари тарғиботининг олдини олиш учун мулоқот ўрнатишга ҳаракат қилиш керак”, деган у. 

Зась Афғонистон ичидаги можаро тарафдорларини мулоқот ўрнатишга ва Афғонистоннинг шимолий вилоятларида ҳарбий қарама-қаршиликни тўхтатишга чақирган. 

“Албатта, биз бу қарама-қаршиликни тўхтатишга, Афғонистон ичида мулоқот ўрнатишга ва Афғонистонда яшайдиган барча миллат ва жамиятларнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда давлат ҳокимиятини қуришга чақирамиз. Ҳозир шимолий вилоятлар ва “Толибон” ўртасида юзага келадиган қарама-қаршилик афғон халқи ва бутун минтақа учун энг даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу қарама-қаршиликка йўл қўймаслик учун ҳамма нарса қилиш керак”, деган у.

Панжшер — “Толибон”га бўйсунмаган ягона вилоят

Ушбу вилоят Афғонистоннинг шарқида жойлашган бўлиб, у ерда тахминан 150 минг аҳоли яшайди. Қайд этиш керакки, вилоятнинг 98 фоиз аҳолиси этник тожиклардан ташкил топган. Панжшерда “Толибон”га қарши кучлар тўпланаётгани ҳам айтилмоқда ва ҳозирда ушбу провинция толибларга қаршилик кўрсатиш маркази бўлиши тахмин қилиняпти.

Бу ерда Афғонистоннинг бир қатор нуфузли сиёсий фигуралари жамланган: мамлакатнинг 1992-1996 йиллардаги Мудофаа вазири, машҳур “дала қўмондони” Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд, биринчи вице-президент Амруллоҳ Солиҳ, Маршал Aбдул-Рашид Дўстум ҳамда унинг ўғли Ёрмуҳаммад Дўстум. Панжшерда аллақачон "Шимолий альянс" байроғи кўтарилган.

"Толибон" позицияларига қарши ҳужумга ўтган қаршилик кучлари бир қанча туманларни эгаллашга ҳам муваффақ бўлди.

20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ

2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. Бу жараён жорий йилнинг 31 август куни якунланади. 

Афғонистондаги давлат тўнтариши

Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Толибон

Баҳолаганлар

207

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг