Покистондаги қонли отишмада 12 полициячи ҳалок бўлди
Олам
−
11:57 2005 2 дақиқа
Кеча, 10 май куни Покистоннинг шимоли-ғарбидаги Банну ҳудуди – Афғонистон чегараси яқинида жойлашган қўриқлаш пости олдида автомобиль портлади ва ундан кейин бошланган қуролли тўқнашув оқибатида камида 12 нафар полиция ходими ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Маълум қилинишича, яна уч нафар полициячи тирик ҳолда топилиб, шифохонага олиб кетилган.
Ҳужум учун жавобгарликни “Иттиҳод-ул-Мужоҳидин Покистон” гуруҳи ўз зиммасига олган. Мазкур ташкилот “Ҳаракат-ул-Мужоҳидин” билан боғлиқ ҳисобланади.
Нашр манбасига кўра, ҳужумчилар аввал портловчи моддалар ортилган автомобилни постга уриб кирган, кейин эса бинога бостириб кириб, ўқ узишни бошлаган.
Шахси сир сақланган полиция вакилининг айтишича, ёрдамга келган хавфсизлик кучларига ҳам жангарилар томонидан тузоқ қўйилган.
Сўнгги ойларда Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош ҳудудларида жангарилар ҳужумлари кескин кўпайган.
Афғонистон февраль ойи охирида Покистонга қарши ҳарбий операция бошлаган эди. 22 февраль куни Покистон ахборот вазирлиги мамлакат Қуролли кучлари чегара ҳудудидаги “террорчи лагерлар”га зарба берганини маълум қилган.
2 апрель куни эса Покистон “Толибон” ҳукумати билан тинчлик музокаралари олиб бораётганини тасдиқлаган.
Маълумот учун, Афғонистон ва Покистон ўртасидаги чегара можароси 1947 йилдан бери давом этиб келади. Қобул Дюранд чизиғини икки давлат ўртасидаги расмий чегара сифатида тан олмайди. Покистон эса Афғонистонни “Теҳрик-и-Толибон Покистон” гуруҳини яширишда айблаб келади. Исломободга кўра, ушбу ҳаракат Покистон ҳукуматини ағдаришни мақсад қилган.
Моҳина Қудратиллаева
Live
Барчаси