Покистонда полициячиларга ҳужум уюштирилди. Қурбонлар бор
Олам
−
17:47 372 2 дақиқа
Кеча, 11 ноябрь куни Покистоннинг шимоли-ғарбида полиция карвонига уюштирилган қуролли ҳужум оқибатида саккиз нафар полиция ходими ҳалок бўлди, яна 13 нафари жароҳатланди. Бу ҳақда AFP агентлиги хабар берди.
Ҳодиса кеча, 11 ноябрь куни Хайбер-Пахтунхва вилоятининг Кохат туманида содир бўлган. Полиция ходимлари Гумбат шаҳри яқинидаги ноқонуний олтин қазиб олиш фаолиятига қарши тадбир ўтказиш учун йўлга чиққанидан қўролли шахслар уларга ҳужум қилган.
Ҳужум вақтида икки полиция автомобилига ўт қўйилган. Яна икки хизмат машинаси ва бир фуқаро автомобили бедарак йўқолган. Вилоятдаги хавфсизлик хизмати вакили ҳам саккиз нафар полициячи ҳалок бўлганини тасдиқлаган.
Ҳозирча ҳужум учун жавобгарликни ҳеч қайси гуруҳ ўз зиммасига олмаган.
Маълумот учун, Хайбер-Пахтунхва вилоятида хавфсизлик кучлари қуролли гуруҳларга қарши кураш олиб бормоқда. Покистон ҳукумати ушбу гуруҳлар Афғонистон ҳудудидан фаолият юритаётганини даъво қилади. Афғонистоннинг Толибон ҳукумати эса бу айбловларни рад этиб келади.
Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар 2021 йилда Толибон Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаганидан кейин кескинлашган. Ўтган йил октябрь ойида юз берган қонли чегара тўқнашувларидан сўнг вазият янада оғирлашган. Жорий йилнинг февралида эса можаро яна кучайган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва вилоятидаги Тарбела тўғони ҳимоя тўсиғи қулаб, унинг ёнидаги қурилиш майдонини сув босгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси