“Толибон” Афғонистон ҳудудида ИШИДни йўқ қилишга ваъда берди
Олам
−
09 Июль 2021
14630ИШИД террорчилик гуруҳининг Афғонистон ҳудудида фаолият олиб боришига йўл қўйилмайди. Бу ҳақда бугун, 9 июль куни Москвада бўлиб турган “Толибон” ҳаракати делегацияси раҳбари Шоҳабуддин Делавер матбуот анжуманида айтиб ўтди.
“Биз ИШИД ҳаракатининг Афғонистон ҳудудида ҳеч қачон фаолият юритмаслиги учун барча чораларни кўрамиз”, дейди Делавер.
“Толибон” сиёсий идораси вакили Муҳаммад Соҳаил Шоҳиннинг таъкидлашича, ҳаракат мамлакат шимоли ҳамда шарқида ИШИД билан муваффақиятли курашган ва курашиб келмоқда.
Шоҳиннинг таъкидлашича, толиблар АҚШга Афғонистон вилоятларининг маъмурий марказларини эгалламаслик хусусида ваъда бермаган.
“Вилоят маъмурий марказларига ҳужум қилмаслигимиз борасида АҚШ билан музокара ва келишувларда қайд этилмаган. Бу бизнинг ички масалаларимиз, эришилган келишувларнинг мазмуни билан ҳеч қандай алоқаси йўқ”, дейди у.
Делавер ўз навбатида, АҚШ ҳанузгача қамоқдаги “Толибон” вакилларини озод қилиш тўғрисидаги келишувни бажармаганини таъкидлаган.
“АҚШ қўшинларини олиб чиқиш жараёни кечиктирилди, маҳбусларимизни озод қилиш масаласи ҳам кечиктирилди, гарчи бу ҳам эришилган келишувлардан бири эди”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 8 июль куни “Толибон” вакиллари музокаралар учун Москвага ташриф буюрди. Ваҳоланки, ушбу ҳаракат Россияда тақиқланган ташкилот ҳисобланади.
Толиблар Москвага қилган ташрифи давомида бир қатор баёнотлар берди. Хусусан, улар мақсади — “эркин Исломий Давлат тизими”ни яратиш эканини маълум қилди. Шунингдек, ҳаракат вакиллари Марказий Осиё давлатлари чегараларини бузмасликка ваъда берди. Бундан ташқари, “Толибон” айни вақтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилишини айтиб ўтди.
Маълумот ўрнида, сўнгги бир неча ой давомида Афғонистонда ҳукумат кучлари ва толиблар ўртасида мамлакатнинг муҳим ҳудудлари учун кураш кетмоқда. “Толибон” ҳаракати мамлакатнинг 85 фоизини ўз назоратига олганини даъво қилганди. Айни вақтда Афғонистон расмийлари ушбу маълумотни рад этган. Қайд этиш керакки, Афғонистондаги беқарорлик хорижий қўшинларнинг мамлакатни тарк этиши фонида кучаймоқда.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ жорий йилнинг май ойидан ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқа бошлади. Хабарларга кўра, расмий Вашингтон шу вақтга қадар 90 фоиз ҳарбий контингентини олиб чиққан. Режага кўра, Америка Афғонистонни тарк этиш жараёнини жорий йилнинг 31 августга қадар якунламоқчи. Италия ва Германия эса Афғонистонни бутунлай тарк этишга улгурган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши қўшни давлатларни ҳам хавотирга солмоқда. Жумладан Эрон, Туркманистон, Ўзбекистон ва айниқса Тожикистон Афғонистондаги кескинликдан безовта. Тожикистонга Афғонистон ҳудудидан нафақат ҳарбийлар, балки тинч аҳолининг ҳам қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди.
Қўшимча маълумот учун, АҚШ ва унинг бошчилигидаги ҳарбий иттифоқ — НАТО кучлари 2001 йилнинг октябрь ойида Афғонистонга қўшин киритганди. Бунга 2001 йилнинг 11 сентябрида Америкада амалга оширилган террорчилик ҳаракатлари сабаб бўлган.
LiveБарчаси