“Толибон” Ҳиротда. Эрон ва Туркманистон билан чегарадаги постлар эгаллаб олинди

Олам

image

“Толибон” ҳаракати жангарилари Афғонистоннинг Эрон ва Туркманистон билан чегарасидаги назорат пунктларини эгаллади. Иккиси ҳам Ҳирот вилоятида жойлашган. Бу ҳақда бугун, 9 июль куни “ТOLOnews” телеканали маҳаллий божхона хизматидаги манбасига асосланиб хабар берди.

“Толибон” вакиллари Франциянинг AFP нашрига Эрон билан чегарадаги Ислом-Қала назорат-ўтказиш пункти эгаллаб олингани ҳақидаги маълумотни тасдиқлаган. Бироқ, Афғонистон Ички ишлар вазирлиги ушбу нуқта устидан ҳукумат назорати йўқолганини рад этмоқда.

Шу ўринда қайд этиш керакки, Эрон пойтахти Теҳронда Афғонистон ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати вакиллари мамлакатдаги инқирозни қуролли йўл билан эмас, сиёсий йўл билан ҳал қилиш устида ишлашга келишиб олганди. Кўриниб турибдики, ушбу музокаралар ҳали ўз натижасини берганича йўқ. 

Эслатиб ўтамиз, айни вақтда “Толибон” вакиллари Москвада бўлиб турибди. Ушбу ташриф давомида улар бир қатор баёнотлар берди. Хусусан, толиблар мақсади — “эркин Исломий Давлат тизими”ни яратиш эканини маълум қилди. Шунингдек, ҳаракат вакиллари Марказий Осиё давлатлари чегараларини бузмасликка ваъда берди. Бундан  ташқари, “Толибон” айни вақтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилишини айтиб ўтди.

Маълумот ўрнида, сўнгги бир неча ой давомида Афғонистонда ҳукумат кучлари ва толиблар ўртасида мамлакатнинг муҳим ҳудудлари учун кураш кетмоқда. “Толибон” ҳаракати мамлакатнинг 85 фоизини ўз назоратига олганини даъво қилганди. Айни вақтда Афғонистон расмийлари ушбу маълумотни рад этган. Қайд этиш керакки, Афғонистондаги беқарорлик хорижий қўшинларнинг мамлакатни тарк этиши фонида кучаймоқда.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ жорий йилнинг май ойидан ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқа бошлади. Хабарларга кўра, расмий Вашингтон шу вақтга қадар 90 фоиз ҳарбий контингентини олиб чиққан. Режага кўра, Америка Афғонистонни тарк этиш жараёнини жорий йилнинг 31 августга қадар якунламоқчи. Италия ва Германия эса Афғонистонни бутунлай тарк этишга улгурган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши қўшни давлатларни ҳам хавотирга солмоқда. Жумладан Эрон, Туркманистон, Ўзбекистон ва айниқса Тожикистон Афғонистондаги кескинликдан безовта. Тожикистонга Афғонистон ҳудудидан нафақат ҳарбийлар, балки тинч аҳолининг ҳам қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди

Қўшимча маълумот учун, АҚШ ва унинг бошчилигидаги ҳарбий иттифоқ — НАТО кучлари 2001 йилнинг октябрь ойида Афғонистонга қўшин киритганди. Бунга 2001 йилнинг 11 сентябрида Америкада амалга оширилган террорчилик ҳаракатлари сабаб бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Эрон Туркманистон Теҳрон “Толибон”

Баҳолаганлар

128

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг