“Аъло даражада”. Трамп Эрон бўйича кутилмаган баёнот берди 

World

−

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳозирча Эронга янги ҳужум уюштириш бўйича шошилинч режаси йўқлигини, бироқ зарурат туғилса, ҳарбий ҳаракатларга тайёр эканини билдирди. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди.

Трамп нашрга телефон орқали берган интервьюсида АҚШнинг Эрон билан муносабатларини “аъло даражада” деб баҳолаган. Унинг айтишича, ҳозирча Теҳронга қарши янги ҳарбий амалиёт бошлаш режалаштирилмаган. Бироқ зарурат бўлса, АҚШ бунга тайёр.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяҳунинг шу ҳафта Эронга ҳужум уюштирилиши мумкинлигига ишора қилгани ҳақидаги саволга Трамп:

“Мен тайёрман, биз тайёрмиз. Зарур бўлса, ҳаракат қилишга тайёрмиз, аммо бунинг учун сабаб бўлмаслиги ҳам мумкин”, деган.

АҚШ Президенти, шунингдек, Эронга нисбатан иқтисодий босим ўз самарасини бераётганини таъкидлаган. Унинг фикрича, АҚШ Теҳрондан талаб қилган натижаларига эриша бошлаган.

“Биз истаган барча нарсага эришаётганга ўхшаймиз”, деган Трамп.

У Ҳормуз бўғози орқали ташилаётган нефть миқдори урушдан олдинги даражадан ошганини даъво қилган. Шунингдек, АҚШ томонидан Эрон портларига қўйилган блокада мамлакат иқтисодиётига босим ўтказаётганини айтган.

Трамп бу вазиятни “ажойиб ҳолат” деб баҳолаган. Шунингдек, АҚШда оралиқ сайловлар ўтказилганидан кейин энергия нархлари тез пасайишини билдирган.

“Биз Эрон билан аслида уруш ҳолатида эмасмиз”, деган у.

Трамп АҚШ ва Эрон ўртасидаги кескинликни кенг кўламли уруш деб ҳисобламаслигини айтган. У аввалроқ Эроннинг ядровий объектларига берилган зарбаларни эслатган.

“Биз аслида уруш ҳолатида эмасмиз. Уларни B-2 бомбардимончи самолётлари билан урдик ва ядровий салоҳиятини йўқ қилдик. Кейин яна зарба бердик”, деган АҚШ Президенти.

Унинг таъкидлашича, қарийб олти ойдан бери Эрон билан ҳақиқий уруш кечмаяпти. Трамп мавжуд вазиятни Украинадаги уруш ёки жаҳон урушлари билан таққосламаслигини билдирган.

Бундан ташқари, Трамп Эроннинг қарийб 450 килограмм бойитилган уран захираси тақдирига оид билвосита музокаралар давом этаётганини маълум қилган. Унинг айтишича, ушбу уран юзлаб тонна тош ва тупроқ остида қолган.

“Унинг ўша ерда эканидан мамнунман, деб айта олмайман”, деган Трамп.

АҚШ Президенти мазкур захира Теҳрон билан олиб борилаётган музокараларнинг асосий масалаларидан бири эканини таъкидлаган. Бироқ музокаралар қандай якунланиши ҳозирча номаълум.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп жорий йилнинг 31 октябрь куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяҳу билан телефон орқали Эрон билан олиб борилаётган музокаралар ва ҳарбий ҳаракатларни қачон қайта бошлаш масаласи юзасидан мулоқот ўтказганди. 


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends