Starlink ҳеч қачон Украинадаги терминалларини ёпмайди – Маск
Олам
−
10 Март
2011Америкалик миллиардер Илон Маск Starlink сунъий йўлдош хизмати Украинада ишлашда давом этишини маълум қилди. Бу ҳақда у кеча, 9 март куни Маск Польша Ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский ва АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ўртасида можаро келиб чиққан Х ижтимоий тармоғида ёзди.
Дастлаб миллиардер ўзининг Starlink тизими “Украина армиясининг таянчи” эканини ва агар хизмат ўчириладиган бўлса, Украина фронти бутунлай қулаб тушишини таъкидлаган.
Бунга жавобан Польша Ташқи ишлар вазири Сикорский Starlink'ка Украина учун Польша Рақамли технологиялар вазирлиги тўлов қилиши ва бу Варшавага йилига 50 миллион долларга тушишини маълум қилди.
“Агар SpaceX ишончсизлигини исботласа, биз бошқа етказиб берувчиларни қидиришга мажбур бўламиз”, деб ёзди у Х ижтимоий тармоғида.
Илон Маск эса Сикорскийнинг изоҳига кескин жавоб берди:
“Жим бўл, кичкина одам. Сиз харажатларнинг фақат кичик қисмини тўлайсиз. Starlink ўрнини босадиган нарса йўқ”.
Кейинчалик у Киев сиёсатига рози бўлмаганига қарамай, Украинадаги Starlink терминалларини ўчирмаслигини ва бундан босим воситаси сифатида фойдаланмаслигини таъкидлаган яна бир пост ёзди.
Х'да Маск ва Сикорский ўртасидаги жанжалга АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ҳам қўшилиб, вазирни ёлғон маълумот тарқатишда айблади.
“Ҳеч ким Украина учун Starlink'ни ёпиш билан таҳдид қилмади. Раҳмат айтиш керак. Starlink бўлмаганида, Украина урушда аллақачон мағлуб бўлган ва рус қўшинлари аллақачон Польша билан чегарада турган бўлар эди”, деди Рубио.
Қайд этиш жоиз, февраль ойи охирида, агар табиий ресурслар бўйича келишув бўйича музокаралар муваффақиятсизликка учраса, Маскнинг SpaceX компанияси томонидан тақдим этилган Starlink интернети Украинада ёпилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. “Reuters” хабарига кўра, АҚШ Президентининг Украина ва Россия бўйича махсус вакили Кит Келлогг, агар нодир металлар бўйича келишув имзоланмаса, Киевдаги музокараларда Starlink компанияси “тез орада ёпилиши” билан таҳдид қилган. Кейинчалик Маск буни рад этди.
Айни пайтда Европада Украинадаги Starlink’ни муқобил оператор билан алмаштириш ҳақида мунозаралар давом этмоқда. “Reuters” хабарига кўра, Франко-Британия Eutelsat гуруҳи Украинадаги Starlink ўрнини эгаллаши мумкин бўлган OneWeb сунъий йўлдошлари ҳақида Европа Иттифоқи билан музокаралар олиб бормоқда.
“Биз Украинанинг саъй-ҳаракатларини кучайтиришга қандай ҳисса қўшишимиз мумкинлиги ҳақида Европа Иттифоқи билан фикр алмашмоқдамиз”, дейди Eutelsat вакили.
У компаниянинг минтақадаги баъзи иловалар учун мос бўлган геостационар сунъий йўлдош қувватига эга эканини ҳам қўшимча қилди.
Таъкидлаш жоиз, Европа Иттифоқи аввалроқ Украина билан Govsatcom’дан Starlink’га мумкин бўлган муқобил сифатида фойдаланиш имкониятини муҳокама қилган эди.
LiveБарчаси