Польшада икки ўзбекистонлик сохта ҳужжатлар билан қўлга тушди
World
−
09:14 411 2 minutes
Польшада такси хизматида ишлаган икки нафар ўзбекистонликнинг мамлакатда қонуний яшаш ҳужжатлари йўқлиги аниқланди. Улардан бирининг паспортидан Венгрия чегара назоратига оид сохта муҳрлар ва Польшада яшаш учун ариза топширилганини тасдиқловчи қалбаки штамп топилди. Бу ҳақда Польша Чегара хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 6 ноябрь куни Варшава шаҳридаги Шопен аэропорти атрофида “Хавфсиз транспорт” номли назорат тадбири ўтказилган. Унда Польша Чегара хизмати, Варшава полицияси ва шаҳар маъмурияти вакиллари иштирок этган.
Тадбир давомида мобил иловалар орқали йўловчи ташиш билан шуғулланувчи 18 нафар ҳайдовчи текширилган. Улар Озарбайжон, Ҳиндистон, Нигерия, Украина, Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари бўлган.
Текширувда 25 ва 31 ёшли икки нафар ўзбекистонликнинг Польшада қонуний яшаш ҳуқуқини берувчи амалдаги визаси ёки бошқа ҳужжатлари йўқлиги аниқланган.
Бундан ташқари, улардан бирининг паспортида Венгрия чегара назоратининг асл нусхасига ўхшатиб тайёрланган сохта муҳрлари ҳамда Польшада вақтинча яшаш учун рухсат олишга ариза топширилганини тасдиқловчи қалбаки штамп топилган.
Ҳар икки фуқаро юзасидан Польшада чиқариб юбориш бўйича маъмурий ишлар бошланган. Улардан бирига мамлакат ҳудудини 20 кун ичида тарк этиш мажбурияти юкланган. Шунингдек, унга Польша ва бошқа Шенген ҳудудидаги давлатларга 18 ой давомида қайта кириш тақиқланган.
Иккинчи фуқаро бўйича эса тегишли текширув ишлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Новосибирск вилоятида миграция қоидаларини бузган 32 нафар Ўзбекистон фуқароси мамлакатдан чиқариб юборилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
AllOzon teshigi rekord darajada kengaydi
06 November
Oktyabrda inflyatsiya 0,6 foizni tashkil etdi
06 November
O'zbekistonda piyoz narxi nega oshgani aytildi
06 November