Маск Украинага Starlink'дан узиш билан таҳдид қилинганини рад этди
Олам
−
23 Февраль
2268Аввалроқ, “Reuters” ахборот агентлиги ўз манбаларига таяниб, АҚШ ҳукумати Украинани америкалик тадбиркор, SpaceX ва Tesla асосчиси Илон Маскнинг Starlink сунъий йўлдош интернет тизимига киришни тўсиб қўйиш билан таҳдид қилгани ҳақида хабар берган эди. Бироқ Илон Маск “Reuters” агентлиги хабарини рад этди. Бу ҳақда у кеча, 22 февраль куни ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.
“Бу ҳақиқат эмас. “Reuters” ёлғон гапирмоқда”, деб ёзди Маск.
“Reuters”нинг хабар қилишича, Starlink масаласи 20 февраль куни Киевда Украина Президенти Владимир Зеленский ва АҚШ Президентининг Украина ва Россия бўйича махсус вакили Кит Келлогг ўртасида бўлиб ўтган музокаралар чоғида кўтарилган эди.
Нашрнинг таъкидлашича, агар нодир металлар бўйича келишув имзоланмаса, Starlink яқин орада ёпилиши билан таҳдид қилган.
NBC манбаларининг таъкидлашича, АҚШ Киевга Украинадаги ноёб ер минералларининг 50 фоизига эгалик қилиш ҳуқуқини беришни таклиф қилган. “The Economist”нинг ёзишича, АҚШ Молия вазири Скотт Бессант Украина Президенти Владимир Зеленскийга бу ҳақда ўйлаш учун бир соат вақт берган. Томонлар ҳали келишувга эришмаган. Зеленский АҚШ таклифи Украина учун хавфсизлик кафолатларини ўз ичига олмаганини тушунтирди.
Трамп Киевни келишувни бузганликда айблади ва келишув бўлмаса, АҚШ ва Украина “кўп муаммоларга” дуч келиши билан таҳдид қилди. У “қисқа муддатда” Киевнинг АҚШга 400-500 миллиард доллар компенсация тўлаш мажбуриятлари бўйича келишувга эришишга умид қилганини қўшимча қилди. “Financial Times” маълумотларига кўра, Украинага тегишли бўлган энг муҳим минералларнинг қиймати 11,5 триллион долларга етади. “The Washington Post” ва “The Telegraph” газеталарининг таъкидлашича, келишув миқдори АҚШнинг Киевга ёрдами учун сарфлаган харажатларидан сезиларли даражада ошади.
Зеленскийнинг ёрдамчилари “Трамп билан кейинги тўқнашувларга йўл қўймаслик ва АҚШ Президентига Қўшма Штатларнинг Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишини оқлашига имкон бериш” учун таклифни қабул қилишни маслаҳат берган.