Польша Украина учун Starlink'ни бошқа оператор билан алмаштириши мумкин
Олам
−
10 Март
2309Польша Ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский миллиардер Илон Маскнинг Starlink тизимини “Украина армиясининг таянчи” деб атаган ва унинг ёпилишига шама қилган баёнотига жавоб қайтарди. Шу ҳақдаги тегишли баёнотини у кеча, 9 март куни Х ижтимоий тармоғида эълон қилди.
“Украина учун Starlink'ка Польша Рақамли Технологиялар вазирлиги тўлов қилади ва бу йилига тахминан 50 миллион доллар туради. Агар SpaceX ишончсизлигини исботласа, биз бошқа етказиб берувчиларни қидиришга мажбур бўламиз”, деб ёзди Сикорский.
Польша вазирининг постидан бир неча соат олдин, худди шу ижтимоий тармоқда Маскдан “бемаъни гапларни тўхтатишни” сўраган, шунингдек, уни Россия Федерацияси ва унинг Пезиденти Владимир Путинга ҳаддан ташқари ҳамдардликда айблаган фойдаланувчи Адам Ловиц билан суҳбат чоғида миллиардер унинг Starlink тизимлари Украина мудофаа урушидаги ҳарбий амалиётларда муҳим роль ўйнашини айтганди.
“Менинг Starlink тизимим Украина армиясининг таянчидир. Агар мен уни ўчириб қўйсам, уларнинг бутун олдинги чизиғи қулаб тушади”, деб ёзди яқинда АҚШ Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) раҳбари.
У Украина Қуролли Кучларини сунъий йўлдошлардан узиб қўйиш имкониятини жиддий ўйлаб кўраётганига аниқлик киритмаган ҳолда, кўп йиллар давом этган, боши берк кўчага тушиб қолган “Украина муқаррар равишда ютқазиб қўядиган қирғин” унинг “жонига теккани”ни қўшимча қилган.
Қайд этиш жоиз, февраль ойи охирида, агар табиий ресурслар бўйича келишув бўйича музокаралар муваффақиятсизликка учраса, Маскнинг SpaceX компанияси томонидан тақдим этилган Starlink интернети Украинада ёпилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. “Reuters” хабарига кўра, АҚШ Президентининг Украина ва Россия бўйича махсус вакили Кит Келлогг, агар нодир металлар бўйича келишув имзоланмаса, Киевдаги музокараларда Starlink компанияси “тез орада ёпилиши” билан таҳдид қилган. Кейинчалик Маск буни рад этди.
Айни пайтда Европада Украинадаги Starlink’ни муқобил оператор билан алмаштириш ҳақида мунозаралар давом этмоқда. “Reuters” хабарига кўра, Франко-Британия Eutelsat гуруҳи Украинадаги Starlink ўрнини эгаллаши мумкин бўлган OneWeb сунъий йўлдошлари ҳақида Европа Иттифоқи билан музокаралар олиб бормоқда.
“Биз Украинанинг саъй-ҳаракатларини кучайтиришга қандай ҳисса қўшишимиз мумкинлиги ҳақида Европа Иттифоқи билан фикр алмашмоқдамиз”, дейди Eutelsat вакили.
У компаниянинг минтақадаги баъзи иловалар учун мос бўлган геостационар сунъий йўлдош қувватига эга эканини ҳам қўшимча қилди.
Таъкидлаш жоиз, Европа Иттифоқи аввалроқ Украина билан Govsatcom’дан Starlink’га мумкин бўлган муқобил сифатида фойдаланиш имкониятини муҳокама қилган эди.
LiveБарчаси