Собиқ туман ҳокими хотинини калтаклагани учун қамалди

3-саҳифа

image

Қозоғистоннинг Макат тумани собиқ ҳокими Ринат Ибрагимов собиқ хотинини калтаклагани учун қамоққа олинди. Бу ҳақда мамлакат Олий суди хабар берди.

Маълум қилинишича, собиқ ҳоким аёлнинг соғлиғига ўртача оғирликда шикаст етказган. Атирау шаҳри суди томонидан кўриб чиқилган жиноят ишида Ибрагимовнинг қилган ишлари таҳлил қилиниб, суд уни икки йилга озодликдан маҳрум қилган.

Шунингдек, эркак жабрланувчига товон сифатида 2 миллион тенге (4 минг доллардан ортиқ) компенсация тўлайди. Бироқ жабрланувчи суддан каттароқ миқдорни талаб қилган.

Суд маълумотларига кўра, эр-хотин ўртасидаги можаро 2023 йилнинг 31 май куни бошланган. Ўзаро жанжал чоғида Ибрагимов турмуш ўртоғи Акмарал Умбеткалиеванинг чап сон қисмига бир неча марта тепиб, умуртқа суягини синдириб юборган. Аёлнинг сўзларига кўра, собиқ турмуш ўртоғи 11 йиллик турмуши давомида уни мунтазам равишда калтаклаган ва ўтган йилги можародан сўнг болаларини ундан тортиб олган. Ибрагимов айбловларни рад этиб, уларни туҳмат деб атаган. Шундан сўнг, унга нисбатан ички тергов бошланиб, бир неча кундан кейин лавозимидан озод этилган.

“Жиноят кодексининг 107-моддаси 2-қисми 3-банди (Жиноят содир этган шахсга моддий ёки бошқа жиҳатдан қарам бўлган шахсга нисбатан соғлиғига ўртача оғирликда шикаст етказиш) бўйича жиноий иш кўрилди. Айбланувчининг айби жабрланувчининг кўрсатмаси, эксперт хулосаси ва бошқа далиллар билан исботланган”, дейилади Қозоғистон Олий судининг хабарида.

Маълумот учун, 2023 йилнинг ноябрь ойида Қозоғистоннинг Остона шаҳридаги ресторанлардан бирида битта аёл калтакланиб, тез ёрдам келгунига қадар вафот этганди. Кейинчалик аёл собиқ вазир Куандик Бишимбаевнинг рафиқаси бўлгани ва уни Бишимбаев ўлдиргани айтилди. Апрель ойида вазир судда берган кўрсатмасини ўзгартирди. Май ойи бошларида Бишимбаевга суд ҳукми ўқилиб, собиқ амалдор 24 йилга озодликдан маҳрум этилди. Шундан сўнг, Олмаотада “Феминита” ҳаракати аъзолари ушбу суд ҳукмига нисбатан ўз норозилигини билдириб, намойиш бошлади. Сал ўтиб, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси Нукенова ва Бишимбаев ўртасида никоҳ ўқиган имом жазоланганини маълум қилди. Бишимбаевнинг адвокатлари эса суд ҳукмидан норози бўлиб, апелляция шикояти киритмоқчи эканлигини айтиб ўтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг