Бишимбаев суд ҳукми устидан шикоят қилмоқчи
Олам
−
14 Май
6229Кеча, 13 май куни Қозоғистоннинг собиқ иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаев турмуш ўртоғи Салтанат Нукеновани ўлдиргани учун 24 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Бироқ унинг адвокатлари суд ҳукмидан норози ва апелляция шикояти киритмоқчи. Бу ҳақда адвокатлардан бири Лейла Рамазонова “Orda.kz”га берган интервьюсида маълум қилди.
“Ҳа, биз шикоят қиламиз. Албатта, биз ҳукмга рози эмасмиз. Ҳужжатларни ҳали олмаганмиз, қандай режаларимиз борлигини айта олмайман. Ҳукм эълон қилинганидан кейин беш кундан кечиктирмай уларни қабул қилишимиз керак”, дейди Лейла Рамазонова.
Айни пайтда жабрланувчининг адвокати Жанна Ўразбахова суд жараёнларидан қониқиш ҳосил қилганга ўхшайди. У ўзининг ижтимоий тармоқларида ҳакамларга холислик ва адолатлилик учун миннатдорлик билдирган.
"Ҳакамлар ҳайъатида жуда кўп аёллар бор эди, мен уларнинг қандай азоб чекаётганини кўрдим. Ишингиз учун раҳмат", деб ёзган у.
“Orda.kz” хабарига кўра, агар ҳукм ўзгаришсиз қолса, Бишимбаев жазони Аршалидаги колонияда ўтайди.
Маълумот учун, мазкур суд жараёнининг дастлабки эшитувлари икки ойдан ортиқ давом этди. Натижада ҳакамлар ҳайъати кўпчилик овоз билан ҳукм чиқарди: Куандик Бишимбаев айбдор, у 24 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бахитжан Байжанов жиноятни яширинганлиги учун 4 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Ўлдирилган Салтанат Нукенованинг укаси Айтбек Амангелди бу жазони "амалда умрбод" деб атади, чунки 24 йилдан кейин Бишимбаев 68 ёшга тўлади.
LiveБарчаси