Бишимбаевга суд ҳукми ўқилди
Олам
−
13 Май
15029Остонадаги Суд ҳайъати Қозоғистон собиқ иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаевни рафиқаси Салтанат Нукенованинг ваҳшийларча ўлдирилишида айбдор деб топди ва собиқ амалдор 24 йилга озодликдан маҳрум этилди. Суд жараёни Қозоғистон Олий судининг YouTube'даги канали орқали трансляция қилинди.
У қийноқ, шафқатсиз қотиллик ва жиноятни яшириш моддалари бўйича судланган. Унинг амакиваччаси Бахитжан Байжанов ҳам қотилликни яширганликда айбланиб, 4 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Суд жараёнида ҳакамлар ҳайъати Бишимбаев Нукеновага нисбатан зўравонлик қилганми, у ҳақиқатан ҳам хотинини ўлдирганми, кейинроқ изини яширишга уринганми, қотиллик, қийноқлар ва жиноятни яширишда айбдорми, деган саволларга жавоб берди.
Бишимбаев умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши учун барча судьялар уни айбдор деб топишлари керак эди. Бу содир бўлмади.
Суд 2023 йил 8 ноябрдан 9 ноябрга ўтар кечаси Бишимбаев рафиқаси Салтанат Нукеновани саккиз соатча калтаклаганини исботлади.
Айбловга кўра, жанжал чоғида маст Бишимбаев хотинининг бошига муштлари билан урган, тепиб, ҳушини йўқотгунча бўғиб турган. Нукенова вафот этган, собиқ вазир эса атайлаб бир неча соат тез ёрдам чақирмаган.
Салтанатнинг акасининг кўрсатмасига кўра, Бишимбаев хотинини мунтазам равишда калтаклаган. Мулозимнинг ўзи ҳам судда хотинига нисбатан зўравонлик қўллаганини тасдиқлади. Бироқ у қасддан одам ўлдириш айбини тан олишдан бош тортди.