Сирдарёда ҳам 7 бола “Док-1 Макс”дан заҳарланди
Саломатлик
−
04 Январь 2023
7021Сирдарё вилоятида ҳам “Док-1 Макс” сиропидан 7 бемор заҳарланди. Уларнинг 4 нафари соғайган, 3 нафари айни вақтда жонлантириш бўлимида қолмоқда. Бу ҳақда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Олтиной Эсонова маълум қилди.
“Болалар шифокори сифатида сирдарёликларга мурожаат қилмоқчи эдим. Барчамизга маълумки, бир неча кундан буён болаларимиз орасида “Док-1 Макс” дори воситасини қабул қилгандан сўнг, ножўя таъсирларини кўряпмиз. Бу ҳолат бизнинг вилоятимизда ҳам 7 нафар беморда қайд этилиб, бугунги кунда 4 нафари соғайиб чиқди, 3 нафари жонлантириш бўлимида муолажаларни давом эттирмоқда”, дейди Эсонова.
У ота-оналардан ушбу дори воситасини сотиб олмаслик, ичирмасликни сўраган. Шунингдек, вилоятда 6 ёшгача бўлган боласи бор оилаларга хабарномалар тарқатилганини айтган.
“6 ёшгача бўлган болаларнинг рўйхати шакллантирилиб, ҳар бир хонадонга хабарнома тарқатилган. Агар охирги пайтларда “Док-1 Макс” дорисини қабул қилган фарзандлар бўлса, ўша ҳудудда ишлаётган оилавий шифокорга мурожаат қилиш, ҳеч қандай таъсири кўринмаган ҳолда ҳам шу дори воситасини истеъмол қилганини маълум қилишларини сўраб қоламиз”, дейди Эсонова.
У, шунингдек, болаларда холсизлик, кўнгил айниши, қусиш, тана ҳароратининг кўтарилиши кузатилса шифокорга мурожаат қилиш зарарлигини эслатган.
Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 2022 йилнинг 22 декабрдаги буйруғи билан “Док-1 Макс” дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олиш белгиланган эди.
Шунингдек, Самарқандда “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиш оқибатида 18 нафар боланинг вафот этиши ортидан 7 нафар масъул ходим лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди.
28 декабрь куни Қашқадарёда “Док-1 Макс” сиропини ичиб яна бир бола ҳаётдан кўз юмгани эълон қилинди.
Шундан сўнг Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилганди.
Кейинроқ Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компанияси ушбу дориларни ишлаб чиқаришни тўхтатгани маълум қилинди.
Шунингдек, мазкур комания томонидан ишлаб чиқарилган барча турдаги дори воситаларининг савдоси ҳам тўхтатилди.
2023 йил 2 январь куни Фарғонада 3 яшар бола “Док-1 Макс” сиропини ичиши оқибатида доридан ўткир заҳарланиш ташхиси билан даволанаётгани маълум қилинди.
LiveБарчаси