“Док-1 Макс” муаллифининг барча турдаги дорилари савдоси тўхтатилди (рўйхат)
Жамият
−
30 Декабрь 2022
22290Ўзбекистон дорихоналарида Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган барча турдаги дорилар савдоси тўхтатилди. Бу ҳақда АОКАда ташкил этилган брифингда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Қизлархон Бегматова маълум қилди.
Қайд этилишича, “Marion Biotech” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” дориси таркибида қўшимча моддалар аниқлангани боис, ҳозирда ишлаб чиқарувчининг бошқа дорилари таркиби ҳам лаборатор текширувлардан ўтказилмоқда.
Қуйида компания томонидан ишлаб чиқарилган асосий дори воситалари рўйхатини эътиборингизга ҳавола этамиз:
- “Анасеп” гель;
- “Белдомакс” номидаги барча дори воситалари;
- “Бревефлора” касулалари;
- “Док-1 Макс” номидаги барча дори воситалари;
- “Кюрамакс Виталонг” капсулалари;
- “Леворекс” номидаги барча дори воситалари;
- “Найтфорс” таблеткаси;
- “Тергамон-сул” дори воситаси;
- “Траванайт” таблеткалари;
- “Ферофорт” номидаги барча дори воситалари;
- "Кюразит" номидаги барча дори воситалари;
- "Нол грипп" номидаги барча дори воситалари;
- "Цинепар" номидаги барча дори воситалари;
- "Амбронол" сиропи;
- "Травамакс" номидаги барча дори воситалари;
- “Фракджоин” капсулалари.
“Ҳурматли юртдошлар сизни шу ўринда яна бир бора огоҳликка чақирамиз. Агарда сиз ушбу турдаги дориларни сотиб олган бўлсангиз ёки уйингизда сақлаётган бўлсангиз зинҳор бу дорилардан фодаланманг. Шунингдек, агар ножўя таъсирлар сезаётган бўлсангиз 71 203 27 77 номерига қўнғироқ қилишингизни сўраймиз”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг жорий йилнинг 22 декабрдаги буйруғи билан “Док-1 Макс” дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олиш белгиланган эди.
Шунингдек, Самарқандда “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиш оқибатида 18 нафар боланинг вафот этиши ортидан 7 нафар масъул ходим лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди.
28 декабрь куни Қашқадарёда “Док-1 Макс” сиропини ичиб яна бир бола ҳаётдан кўз юмгани эълон қилинди.
Шундан сўнг Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилганди.
Кейинроқ Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компанияси ушбу дориларни ишлаб чиқаришни тўхтатгани маълум қилинди.
Шунингдек, мазкур комания томонидан ишлаб чиқарилган Амбронол сиропи ҳам сотувдан олингани айтилган.
LiveБарчаси