“Шпагат очишга уринманг”. Зеленский Шольцни танқид қилди
Олам
−
14 Июнь 2022
18029Германия канцлери Олаф Шольц Россиянинг Украинага қарши бошлаган уруши бўйича Берлиннинг позициясини аниқ белгилаши керак бўлган вақти келди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский кеча, 13 июнь куни Германиянинг ZDF телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Бизга Германия Украинани қўллаб-қувватлаши ҳақида канцлер Шольцнинг кафолати керак. У ва унинг ҳукумати қарор қабул қилиши керак. Украина ва Россия муносабатлари ўртасида шпагат қилишга уриниб бўлмайди”, деган Зеленский.
Зеленский АҚШ, Буюк Британия, Болтиқбўйи ва Шарқий Европанинг бошқа давлатлари дарҳол ёрдам беришни бошлаган бир вақтда Германия ва Франция Украинани фақатгина сиёсий ва риторик жиҳатдан қўллаб қувватлагани ҳақида гапирган.
“Россия ҳукумати қанча одам ўлаётганига аҳамият бермайди. Бу уруш қанча давом этиши уларни қизиқтирмайди. Чунки у энергия ресурсларини экспорт қилиш орқали даромад олади. Аммо биз одамларнинг ҳаётини йўқотаётганидан қайғурамиз”, дейди Владимир Зеленский.
Украинанинг турли даражадаги расмийлари Германияни Киевга ваъда қилинган қуролларни кечиктираётгани учун тобора кўпроқ танқид қилмоқда. Май ойи охирида Украинанинг Германиядаги элчиси Андрей Мельник Олаф Шольцни етакчилик етишмаслигида ва Украина манфаатларига эътиборсизликда айблаганди.
Кейинчалик у Шольц “аслида оғир қуролларни етказиб беришни хоҳламаслигини ва шунчаки ўт очишни тўхтатишни кутаётган бўлиши мумкинлигини” айтди.
Маълумот учун, Олаф Шольц Италия Бош вазири Марио Драги ва Франция президенти Эммануэль Макрон билан биргаликда 16 июнь куни Украинага ташриф буюриши мумкин. Аммо унинг ўзи бу маълумотга изоҳ беришдан бош тортган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси