Шифокорнинг ўлимида ким айбдор? У вафотидан аввал нега руҳий шифохонага юборилганди?
Интервью
−
14 Сентябрь 2020
26858Аввалроқ, Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Бош шифокорнинг ҳибсга олиниши бўйича расмий маълумот берди. Унда Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилгани айтилди.
Жорий йилнинг 8 сентябрь куни шифохона Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева мажбурий тартибда терговга олиб келиниб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 207-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилган.
Айбланувчи Гулжаҳон Йўлдошева тергов ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётгани, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаётгани, у томонидан содир этилган жиноят оғир жиноятлар туркумига кириши, шунингдек, унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетишининг, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида процессуал тартибда ушланиб, суднинг 9 сентябрдаги ажрими билан унга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган.
QALAMPIR.UZ шифокорнинг ҳибсланиши ва унга нисбатан очилган жиноят иши тафсилотларини ўрганиш мақсадида Чирчиқ шаҳар прокурори Бахтиёр Иброҳимов билан суҳбатлашган эди. Йўлимиз вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансерига тушди.
Шифокор, тажрибали реаниматолог Фаррух Рустамов COVID-19 га чалиниб, аввалига Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонасида даволанган. Кейин у 1 август куни оғир аҳволда вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансерига олиб келиб ташланган ва вафот этган. Биз воқеа тафсилотларини янада чуқур ўрганиш мақсадида ушбу шифохона Бош шифокори Феруза Шоносировага микрофон тутдик.
Феруза Нажмиддинова, журналист: — Феруза Абдуллаевна, ўша куни бўлиб ўтган воқеаларни эсга олсак. COVID-19 ташхиси билан даволанаётган бемор қандай қилиб сизнинг шифохонангизга келиб қолди?
Феруза Шоносиров, Руҳий асаб касалликлари диспансери Бош шифокори: — 2020 йилнинг 1 август куни соат тахминан 15:00-16:00 атрофида Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева менга қўнғироқ қилиб, “менда бир бемор бор, уни сизнинг шифохонангизга ўтказишимиз керак”, дедилар. Мен уларга “қандай қилиб у беморни бизга ўтказасиз, ахир сизнинг муассасангизда COVID-19 га чалинган беморлар даволанади”, дедим. У киши унинг COVID-19 га чалинганини рад этдилар. “Гулжаҳон Тоировна, сиз беморнинг касаллик тарихини ўрганинг, текширув хулосалари билан танишинг. COVID-19 га чалинганми ё йўқ, аниқланг. Агар у сиз айтгандек, COVID-19 га чалинмаган бўлса, қандай қилиб сизнинг шифохонангизда ётибди? Устига-устак, сизнинг шифохонангизнинг Жонлантириш бўлимида ётибди... Демак, у беморда ҳақиқатан ҳам ушбу касаллик бор. Сиз унинг касаллик тарихи билан танишинг”, дедим.
Шундан кейин у киши бироз вақт касаллик тарихини варақладилар. Орада сукунат бўлди. Кейин “у ҳақиқатан ҳам COVID-19 га чалинган экан”, дедилар. Мен уларга шундай савол бердим: сиз COVID-19 га чалинган беморни қай тарзда, қандай аҳволда, қайси режа билан умуман бу касалликни даволашга мослаштирилмаган шифохонага ўтказмоқчисиз? “Беморда психоз ҳолати кузатиляпти”, деб жавоб бердилар. Мен уларга шундай жавоб бердим: бемордан психоз ҳолатини аниқлаш учун психиатрнинг бемор билан суҳбатини ўтказиш керак. Агарда бизнинг психиатр-мутахассисимиз беморда психоз ҳолатини аниқласа, шунда ҳам беморни бизнинг шифохонага ўтказа олмайсиз.Чунки бизнинг шифохона COVID-19 га чалинган беморларни даволаш ва сақлаш учун тиббий техникалар билан жиҳозланмаган, дори-дармонлар билан таъминланмаган. Шундан кейин Гулжаҳон Йўлдошева “психиатр-шифокорингизни консултация учун юборинг”, деб айтдилар. Шу билан суҳбатимиз тугади.
Мен Фаррух Рустамов билан суҳбат ўтказиш учун ўз мутахассимизни тавсия қилдим(телефон орқали). У марҳум билан суҳбат ўтказди. Мутахассис суҳбатдан сўнг менга “Беморда ҳеч қандай психоз ҳолати кузатилмади. Бемор оғир соматик аҳволда”, деб айтди. Мен ундан “бунга аминмисиз”, деб сўрадим. У яна такрор беморда психологик касалликлар аниқланмаганини айтди.
Шунга қарамай, 1 август куни кечаси соат 23:10 да беморни тез ёрдам автомобилида замбилда ётган ҳолатда олиб келиб, ташлаб кетишди.
Ф.Н.: — Беморни ким қабул қилиб олган?
Ф.Ш.: — Бизнинг диспансер шифокори. У менинг даволаш ишлари бўйича ўринбосарим. Уларга бемор олиб келинаётгани ҳақида қўнғироқ бўлган ва қабул қилиб олишлари сўралган. “Ахир у COVID-19 га чалинган бемор бўлса, мен қандай қабул қиламан? Бизда бу касалликка чалинганларга ёрдам кўрсатиш учун шароит мавжуд эмас”, деб айтган. Шунга қарамай, барибир беморни қолдириб кетишган.
Ф.Н.: — Табиийки, беморни қабул қилиш жараёнида унинг касаллик тарихига назар солинади. Унинг касаллик тарихида COVID-19 га чалингани ва ундан даволангани ёзилганмиди?
Ф.Ш.: — Мен бемор бизнинг шифохонамизга ўтказилгандан кейин, 2 август куни эрталаб етиб келдим. Бу вақт давомида бизнинг мутахассимиз ундаги ўзгаришларни кузатган. Инсонийлик нуқтайи назаридан ҳам қолдириб кетилган беморни кўчага чиқариб қўймаймиз-ку.
Унда психоз ҳолати аниқланмагандан кейин, бизда даволанаётган 120 нафар беморнинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкинлигини ўйлаб, уни яна Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонасига қайтариш режаси билан ишга келдим. Минг афсуски, мен ишга келишимдан 5-10 дақиқа аввал бемор ҳаётдан кўз юмган.
Мен унинг касаллик тарихи билан танишганимда, COVID-19 га чалингани, икки томонлама оғир кечувчи зотилжам асорати билан олиб келинганига гувоҳ бўлдим. Бундан ташқари, унинг қандли диабети ҳам бўлган. Ҳужжатда даволанган ва соғайган деб ёзилган эди.
Ф.Н.: — Сизнинг шифохонангиз ходими 120 нафар беморнинг ҳаётини хавф остига қўйиб, Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонасига бориши мумкинмиди?
Ф.Ш.: — Маслаҳат ўтказган шифокоримиз у ерга борган бўлганида, шахсий ҳимоя воситаларини кийиб, барча қоидаларга риоя қилган ҳолда маслаҳат ташхисини ўтказиб берарди. Шунинг учун ҳам у суҳбатни телефон орқали ўтказган. Лекин, беморни жойидан қўзғатиб, бизга олиб келиниши, тушунарсиз ҳолат.
Ф.Н.: — Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси Бош шикофори билан бундан аввал ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар рўй берганми?
Ф.Ш.: — Йўқ, бундай ҳолатлар бўлмаган. Пандемиядан аввал ҳам Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган беморларда у ёки бу руҳий ўзгаришлар кузатилса, ўша шифохонанинг даволовчи шифокори, албатта, психиатрия муассасасига қўнғироқ қилиб, “бизга психиатр томонидан маслаҳат керак”, деб ёрдам сўрашарди. Мутахассисимиз эса бемор даволанаётган жойга бориб, у билан суҳбатлашгач, уни бизнинг диспансерга ўтказиш масаласи ҳал қилинар эди.
Ф.Н.: — Ҳамкасб ва аёл ўлароқ Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси Бош шифокори ҳақида нима дея оласиз?
Ф.Ш.:— Гулжаҳон Тоировна билан бир неча йилдан буён ҳамкасбмиз. Аёл ва она сифатида яхши фазилатлари бор. Ҳеч қачон улар билан келишмовчиликларга бормаганмиз. Ҳамиша бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, бир-биримизни тушуниб ишлаб келганмиз. Агар бирор ёрдам керак бўлса, ҳамиша қўнғироқлашиб, битта тўхтамга келиб ишлаганмиз. Аммо уларда ўша касални нима учун бизга ўтказиш режаси туғилганини тушуна олмадим, тагига етолмадим. Улар билиб турибдилар, ўзлари мутахассис-инфекционист. Нимага унинг касаллигини била туриб руҳий шифохонага юбордилар? Мен буни ҳалигача тушунмайман. Нима бўлганда ҳам бир инсоннинг ҳаёти ҳунук якун топди. У жуда ҳам ёш эди. Албатта, аянчли ҳолат.
Ушбу интервьюни тўлиқ шаклда юқоридаги видеоплеерда ёки YouTube'даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси