Алишер Усмонов ўзи ўқиган мактабни капитал таъмирлатиб берди (фото+видео)
Жамият
−
14 Сентябрь 2020
39612Асли ўзбекистонлик бўлган миллиардер Алишер Усмонов Тошкент шаҳрининг Миробод туманида ўзи ўқиган 110-мактабни таъмирлаш учун йирик миқдорда маблағ ажратди. Мактаб 2020/2021 ўқув йилини янги бинода қарши олди.
2019 йилда Алишер Усмонов ташаббуси билан ушбу мактабда капитал таъмирлаш ишлари бошланганди. Таъмир 2020 йилнинг сентябрь ойига келиб тугатилди.
Замонавий кўриниш касб этган мактабда SMART ақлли технологияларидан кенг фойдаланилган. Мактаб биносига дақиқасига 40 кишини ўтказиш имкониятига эга ва сенсор қопламали, қиёфаларни эсда сақлаб қолувчи турникет орқали кирилади.
Кенг, ранг-баранг, ёруғ йўлаклар ўқувчиларнинг дунёқараши кенгайишига, билимлар оламига шўнғишига, этика-эстетикаси юксалишига хизмат қилади. Айни вақтда Ўзбекистонда 10 мингга яқин умумий ўрта таълим мактаблари фаолият юритаётган бўлса, 110-мактабнинг янги биноси улар орасида намунавий кўриниш касб этди, дейиш мумкин.
Мактабдаги ҳар бир синфхона замонавий ахборот технологиялари – компьютер, сенсорли телевизор билан таъминланган. Йўлакларга ўқувчилар танаффус вақтида ҳордиқ чиқариши учун ўриндиқлар ўрнатилган.
Кимё, биология, физика хоналарини ҳатто, университетларда ҳам учратмайсиз. Ускуналар ўқувчиларга берилаётган назарий билимни амалий синовдан ўтказиш имконини беради.
Ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш фани бўйича замонавий мерганлик хонаси ҳам ташкил этилган. Синфхонада нафақат назарий билимлар олиш, балки замонавий технологиялар ёрдамида мерганлик сабоқларини ҳам синаб кўриш мумкин.
Бундан ташқари мактабда ҳовуз, стоматология, тадбирлар зали, амфитеатр, ёзги ва қишки ошхона, болалар ўйингоҳи, планетарий, футбол, баскетбол, волейбол майдонлари, югуриш ва велосипед учиш учун алоҳида йўлаклар, спортнинг гимнастика тури билан шуғулланувчи қизлар учун алоҳида спорт зали, футнес клуби мавжуд.