Швейцария Гулнора Каримова активларининг бир қисмини Ўзбекистонга қайтаришга рози бўлди
Жамият
−
13 Сентябрь 2020
50988Жорий йилнинг 11 сентябрь куни Швейцария Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага нисбатан пул ювиш айблови билан очилган иш доирасида олиб қўйилган пулларни қайтаришга Ўзбекистонга қайтаришга рози бўлди. Томонлар ўзаро шартлар борасида келишб олди. Бу ҳақда “The Associated Press” хабар берди.
Келишув доирасида 2012 йилда Гулнора Каримованинг Швейцария банкларидаги ҳисобидан мусодара қилинган 131 млн доллар атрофидаги пуллар Ўзбекистонга қайтарилади.
Келишув юридик кучга эга бўлиши учун уни расмийлаштириш керак. Швейцария пулларни қайтариш учун биргина талаб қўйган – активлар Ўзбекистон аҳолисининг турмуш шароитини яхшилашга қаратилган барқарор лойиҳаларга сарфланиши ва ҳаражатларнинг очиқ мониторинги таъминланиши лозим.
Гулнора Каримовадан олинган яна 650 миллион швейцар франки (715 млн доллар) давом этаётган жиноий иш доирасида “музлатилган” ҳолатда қолмоқда. Швейцария Ҳукумати бу пуллар ҳам қайтариладиган бўлса, уларга ҳам юқоридагидек талаб қўйилади. Яъни пуллар Ўзбекистон халқининг манфаатига хизмат қилиши керак.
Швейцария Гулнора Каримовани хорижий телекоммуникация компанияларида йирик миқдорда пора олганликда айблаб келади.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги маълумотларга кўра, Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ Колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.
Жорий йилнинг 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди, далиллар текширилди ва судланувчилар ҳимоячиларининг важлари муҳокама қилинди.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.
Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.
Қолган судланувчиларга ҳам содир этилган жиноятларнинг оғирлилик ва ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда уларнинг жиноятлардаги иштирокидан келиб чиқиб, тегишли жазолар тайинланди.
Хусусан, суд ҳукмига кўра, Н. Содиковга 20 йил, О. Свиридовга 17 йил 3 ой, А. Эргашевга 18 йил 1 ой, Ш. Сабировга 17 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Г. Авакьянга 3 йил синов муддати билан 5 йил 3 ой 21 кун шартли равишда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ж. Абдурахманов ва Б. Тешабаев эса жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноят учун жавобгарликдан озод қилиндилар.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь