Сенатор Ўзбекистонда педофилларни кастрация қилишни таклиф этди (видео)
Жамият
−
16:41 881 4 дақиқа
“Нуроний” жамғармасининг Тошкент шаҳар бўлими раиси, сенатор Рустам Калонов Ўзбекистонда педофилларни кастрация қилишни таклиф этди. Бу ҳақда у бугун, 2 октябрь куни Олий Мажлис Сенатининг 20-ялпи мажлисида сўз очди.
Ушбу мажлисда сенаторлар томонидан “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди ва маъқулланди. Муҳокама жараёнида сенатор Рустам Калонов педофилларни кастрация қилиш таклифини ўртага ташлади.
“Бир хил давлатларда ҳаттоки шунақа касал инсонлар (педофиллар – таҳр.), айниқса, кичкина, жажжи қизлар билан жинсий алоқа қилганлар хирургик аралашув – кастрация қилинади. Шунақа нарсаларга ҳам борадида, негаки улар яна шу жиноятини қайтариши мумкин. Шунга биз йўл қўймаслигимиз керак. Менинг таклифим шу, агар қўшимча қилиш бўлса, яхши бўларди”, дейди сенатор.
Бунга жавобан сенат раиси Танзила Норбоева ҳозирги қабул қилинаётган қонун қандай ишлашини кўриш кераклигини, шундан кейин у такомиллаштирилиши мумкинлигини билдирган.
“Охирги ўн йилликда биз зўравонлик билан курашиш масаласи, зўравонлик деган иборалар ҳақида гапириб, бемалол чораларни белгилайдиган бўлдик. Бу ҳам бўлса, ҳурматли Президентимизни мана шу масалаларга ҳаммамизни тоқатсизлик муносабатда бўлишимиз, болаларни ҳимоя қилиш, аёлларни ҳимоя қилиш бўйича берган топшириқлари асосида бўляпти. Албатта, хабарингиз бор, мана уч йил олдин аёллар бўйича қонун қабул қилганмиз. Ундан кейин мана ўтган йили болалар бўйича... Ҳар йили такомиллаштириб боряпмиз. Бу қонунда ҳам ҳозир кўрайлик, қанақа ишлайди. Ана ундан кейин такомиллаштиришни давом этаверамиз”, дейди Танзила Норбоева.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан содир этилган номусга тегиш ва жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жиноятлари учун 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланишини назарда тутувчи қонун сенаторлар томонидан маъқулланиб, имзолаш учун Президентга юборилгани ҳақида хабар берилган эди.
Намангандаги боғчада фожиа
Аввалроқ, Наманган вилоятидаги боғчада омбор мудири 5 яшар тарбияланувчини зўрлагани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Учқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан жорий йилнинг 12 сентябрь куни Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) 4-қисми ва 112-моддаси (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятни содир этишда гумонланаётган К. М. процессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан суд томонидан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, yшбу воқеа ортидан Ўзбекистондаги боғчаларда ходимларни текшириш бошланганди ҳамда юз берган кўнгилсиз ҳолатни атрофлича ўрганиш, масъулларнинг хизмат вазифасига лойиқлигини кўриб чиқиш бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Ишчи гуруҳ тузилганди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимнома киритган. Мазкур ҳолат бўйича терговни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев шахсан назоратга олган.
Шунингдек, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 5 яшар қизни зўрлаган омбор мудирига максимал оғир жазо берилишини билдирган эди. Намангандаги 5 яшар қизалоқ билан боғлиқ фожиа ортидан унинг оиласи бошқа шаҳарга кўчирилиб, уларга уй-жой ва зарур реабилитация хизматлари кўрсатилиши ҳам маълум қилинган. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ва Болалар омбудсмани болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини жорий этиш таклифини илгари сурди. Кейинроқ Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик содир этганлик учун жавобгарликни кескин кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ва иккинчи ўқишда маъқуллади.
Live
Барчаси