Гейтс жамғармаси текшируви: Эпштейн билан алоқалар бўлган, аммо…
Олам
−
22 июл 2719 3 дақиқа
Билл Гейтс раҳбарлик қиладиган Gates Foundation буюртмаси билан ўтказилган мустақил текширув Жеффри Эпштейн билан алоқалар мавжуд бўлганини, бироқ унга ҳеч қандай тўлов амалга оширилмагани ва жамғарманинг унинг жиноий фаолиятига алоқадорлиги аниқланмаганини кўрсатди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Текширув натижаларига кўра, жамғарма томонидан Жеффри Эпштейнга ҳеч қандай маблағ тўланмаган. Шунингдек, жамғарма ёки унинг ходимлари Эпштейннинг жинсий одам савдоси ёки бошқа жиноий фаолиятида иштирок этгани ёхуд бу ҳақда хабардор бўлганини тасдиқловчи далиллар топилмаган.
Жамғарма Билл Гейтснинг Эпштейн билан муносабатлари сабабли сўнгги йилларда жамоатчилик диққат марказида бўлиб келмоқда. АҚШ Адлия вазирлиги жорий йил бошида эълон қилган Эпштейнга оид ҳужжатларда Билл Гейтснинг молиячи билан ва юзлари ёпилган аёллар билан тушган суратлари, шунингдек, Эпштейн ҳамда жамғарма ходимлари ўртасидаги ёзишмалар ҳам мавжуд эди.
Қайд этилишича, 70 ёшли Билл Гейтс Эпштейн билан алоқада бўлганидан бир неча бор афсусланганини билдирган. У Эпштейннинг жинсий зўравонлик қурбонлари билан вақт ўтказганини рад этган ва унинг жиноий ҳаракатларига гувоҳ бўлмаганини айтган. Гейтсга нисбатан ҳеч қандай жиноий айблов қўйилмаган.
Жамғарма жорий йилда Эпштейн билан муносабатларини ташқи текширувдан ўтказишга қарор қилган. Март ойида бошланган текширувни УилмерҲейл юридик фирмаси ўтказган. Текширув 2011–2014 йилларда жамғарманинг Эпштейн билан асосий алоқалари икки масалага оид бўлганини тасдиқлади. Улардан бири донорлар маслаҳат жамғармасини ташкил этиш таклифи, иккинчиси эса International Peace Institute нотижорат ташкилоти билан боғлиқ ҳамкорлик бўлган.
Жамғарма биринчи ташаббусни амалга оширмаган. Бироқ ички текширувдан сўнг полиомиелитни йўқ қилиш дастурини қўллаб-қувватлаш мақсадида мазкур ташкилотга маблағ ажратган. УилмерҲейл текширув давомида амалдаги ва собиқ ходимлар билан 50 дан ортиқ суҳбат ўтказиб, катта ҳажмдаги ҳужжатларни ўрганган.
Текширув якунлари асосида жамғарма бошқарув кенгаши бир қатор тавсияларни маъқуллаган. Улар қаторида Билл Гейтс, бошқарув кенгаши ёки юқори раҳбарият иштирокидаги ҳамкорликларни ташкил этишда воситачилар ва донор маслаҳатчиларини марказлашган тартибда текшириш ҳамда хусусий уйларда ўтказилиши режалаштирилган учрашувлар устидан назоратни кучайтириш чоралари ҳам бор.
Маълумот учун, Билл Гейтс ва унинг ўша пайтдаги турмуш ўртоғи Мелинда Френч Гейтс Gates Foundation'га 2000 йилда асос солган. У дунёдаги глобал соғлиқни сақлаш ташаббусларини молиялаштирувчи энг йирик хайрия ташкилотларидан бири ҳисобланади.
Билл Гейтс ўтган ой АҚШ Конгрессидаги чиқишида Жеффри Эпштейн билан 2011 йилда таништирилганини айтган. Бу Эпштейн вояга етмаган шахсни фоҳишаликка жалб қилиш бўйича айбини тан олиб, 13 ой қамоқ жазосини ўтаб бўлганидан уч йил кейин содир бўлган.
Гейтснинг сўзларига кўра, кейинги учрашувлар эҳтимолий хайрия лойиҳаларига бағишланган, аммо ҳеч қандай натижа бермаган ва муносабатлар 2014 йил декабрида якунланган.
Жеффри Эпштейн 2019 йил август ойида Нью-Йоркдаги Манҳэттен қамоқхонасида, жинсий одам савдоси айбловлари билан ҳибсга олинганидан бир ой ўтиб вафот этган. Суд-тиббий экспертизаси унинг ўлимини ўз жонига қасд қилиш деб баҳолаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ америкалик миллиардер ва инвестор Уоррен Баффетт ҳар йили йил ўртасида амалга оширадиган кўп миллиард долларлик хайриясини ҳозирча Билл ва Мелинда Гейтс жамғармасига ўтказмаслигини маълум қилганди.
Live
Барчаси