Киберҳужумлар ва биотерроризм: Билл Гейтс яна СИ хавфидан огоҳлантирди
Технология
−
09:51 334 2 дақиқа
Microsoft асосчиси Билл Гейтс сунъий интеллектнинг ривожланиши сабабли 20 йиллик беқарорликка тайёргарлик кўришга чақирмоқда. Бу у ҳақда “The Verge” нашрига берган интервьюсида сўз очди.
Билл Гейтснинг сўзларига кўра, сўнгги йилдаги СИ прогресси ҳайратга солади. У код ёзишни, киберзаифликларни топишни, биологияда мулоҳаза юритишни ва одамлар билан муносабатлар ўрнатишни ўрганган.
“Бугунги кунда мавжуд бўлган беқиёс қудрат шуни англатадики, буларнинг барчаси содир бўлади ва жамият бунга тайёр бўлиши керак”, дея қўшимча қилган миллиардер.
Унинг айтишича, асосий хавф ҳимоя механизмларисиз моделлардан келиб чиқади. Айнан шундай моделлар киберҳужумлар ва биотерроризм учун имкониятлар очади. Янада олисдаги таҳдид эса ҳар қандай илғор модел устидан назоратни йўқотиш билан боғлиқ.
“Биз имкониятлар бўсағасидан ўтдик: бу, шубҳасиз, илгари ўйлаб топилган энг хавфли технологиядир ва у иқтисодиётга ҳамда урушлар олиб борилиш тарзига ҳамма томонлама таъсир кўрсатади”, дейди Билл Гейтс.
Унинг сўзларига кўра, индустрия хавф-хатарлар ҳақида очиқ-ошкора гапирмоқда, аммо ундан ташқарида “бу сафар ҳамма нарса бошқача” эканига ишонишга тайёрлик даражаси жуда паст.
“Индустрия инсайдерлари томонидан берилаётган огоҳлантиришларнинг ҳеч бири сохта эмас. Бу мутлақ ҳақиқатдир”, дейди нашр суҳбатдоши.
Унинг айтишича, СИ устидан назорат ўрнатиш учун учта фундаментал ёндошув мавжуд: моделларни яратишнинг ўзига хос усулини ўзгартириш (мустаҳкамлаш орқали ўқитишдан воз кечиш), шаффофликни таъминлаш (“оқ қути”, ичида нима борлигини кўриш учун) ёки “полиция қатлами”ни – модель буза олмайдиган рамзий хавфсизлик қоидаларини яратиш.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Билл Гейтс сунъий интеллект “миллиардлаб ўлимга” олиб келадиган воқеаларни келтириб чиқаришга қодирлигини маълум қилганди.
Live
Барчаси23 Октябрь