Microsoft раҳбари сунъий интеллект туфайли глобал узилишлар кўпайишидан огоҳлантирди
Олам
−
19:10 254 2 дақиқа
Сунъий интеллектнинг ривожланиши, эскирган инфратузилма ва киберҳужумлар туфайли рақамли хизматлар ишида йирик узилишлар тез-тез содир бўлиши мумкин. Бу ҳақда Microsoft бош директори Сатья Наделла ўтган ҳафта компания хизматларида кузатилган ва бир сутка давом этган кенг кўламли узилишдан сўнг маълум қилди.
Ўтган ҳафта содир бўлган муаммолар бизнес, давлат муассасалари ҳамда Microsoft 365, жумладан, Outlook ва Teams фойдаланувчиларига таъсир кўрсатган эди.
“New York Times DealBook” саммитида сўзга чиққан Наделла ҳодиса вақтида корпорация серверларининг 80 фоиздан ортиғи жавоб бермай қўйганини аниқлаштирган. Бунга эски ускуналарни текшириш учун мўлжалланган ёзги янгиланишдаги илгари сезилмаган дастурий хатолик сабаб бўлган ва уни ноодатий тармоқ трафиги фаоллаштириб юборган.
Компания раҳбарининг сўзларига кўра, сунъий интеллектнинг кенг жорий этилиши глобал тармоқлар учун янги таҳдидларни юзага келтирмоқда. Бир томондан, СИ заифликларни тезроқ аниқлашга ёрдам беради, бироқ доимий янгиланишлар оқими эски ускуналарга ҳаддан ташқари юқори босим юклаб, беқарорликни келтириб чиқаради. Бошқа томондан эса, нейротармоқлар мураккаб киберҳужумларни ташкил этишни осонлаштириб, ҳатто кичик жиноий гуруҳларга ҳам миллий инфратузилмага таҳдид солиш имконини берган.
Наделлада транспорт тармоқлари, иситиш ва совитиш тизимлари каби интернетга уланган физик тизимлар сонининг ортиб бораётгани алоҳида хавотир уйғотмоқда. Уларни оддий булутли хизматларга қараганда ўз вақтида янгилаш ва бузиб киришдан ҳимоялаш қийинроқ. Microsoft раҳбари дунёнинг булутли платформаларга қарамлиги ортиб бораётган бир пайтда технологик компаниялар ўз тармоқларини зудлик билан модернизация қилишлари зарурлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Microsoft компаниясининг Outlook, Teams ва Copilot хизматларида глобал носозлик кузатилгани ҳақида хабар берилган эди. Узилиш 74 та мамлакат ва ҳудуддаги ўн минглаб фойдаланувчиларга таъсир кўрсатган.
Live
Барчаси